Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни ҳақорат қилгани акс этган аудиоёзув ҳақида хабар берган эдик. Kun.uz ихтиёрига Боболов ҳимоя қилгани айтилаётган ангорлик собиқ амалдорнинг жиноий қилмишларига оид суд ҳукми келиб тушди.
Маълум бўлишича, 2022 йил 11 май куни жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори бўлиб ишлаган Азиз Йўлдошевга оид жиноят иши кўрилган.
Суд ҳужжатларига кўра, Йўлдошев директорлик вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўзига ишониб топширилган давлат мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. У “Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ раҳбари Ардашер Байиров ва “Angor Issiqxona Qurish” МЧЖ раҳбари Азамат Сатторов билан жиноий тил бириктирган.
Бандлик маркази бошлиғи “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, тумандаги ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилаларга субсидия ва грантлар асосида иссиқхона қуриб бериши керак бўлган. Бироқ у 30 дан ортиқ камбағал ва муҳтож одамлар номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, фуқароларнинг хабардорлигисиз юқоридаги МЧЖлар раҳбарлари билан уч томонлама шартномалар имзолайди.
Камбағалларга қайишиши керак бўлган раҳбар жами 210 388 572 сўмлик қурилиш ишлари бажарилмаганини билгани ҳолда расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритади. Натижада субсидия маблағларини МЧЖ ва хусусий корхона ҳисобрақамига ўтказиб юбориб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растарата қилиш йўли билан талон-торож қилади.
“Angor City Tomorqa Xizmat” МЧЖ раҳбари Байиров 111 004 872 сўмлик ишларни қўшиб ёзиб, ўзганинг мулкини ўзлаштиради. “Angor Issiqxona Qurilish” МЧЖ раҳбари Сатторов эса 99 383 700 сўмлик қурилиш ишларини бажармасдан, ҳисобрақамини тўлдириб олади.
Бу ишда ўттиздан ортиқ жабрланганлар гувоҳлик берган.
Натижада Азиз Йўлдошев Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбланиб, бир ярим йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда

















