Жаҳон | 17:13 / 26.08.2022
7088
2 дақиқада ўқилади

2100 йил учун сценарий – 5,3 млрд одам хавфли иссиқни бошдан ўтказиши мумкин

Ҳарвард университети олимлари ўтказган тадқиқотда 2100 йилгача бўладиган глобал ҳарорат бўйича тахминлар маълум қилинган. Унга кўра, аср охиригача 5,3 миллиард киши хавфли иссиқни бошдан ўтказиши мумкин.

Фото: Getty Images

Ҳарвард университети олими Лукас Зеппетелло ва унинг жамоаси дунё аҳолиси сони ва иқтисодий ўсиш суръатидан келиб чиқиб, асрнинг охиригача иссиқхона газлари ва бошқа турли газларнинг тахминий миқдорини ҳисоблаб чиқишди, деб ёзмоқда Newscientist. Натижа 2100 йилгача глобал ҳарорат 2,1 C ва 4,3 C орасида бўлиши мумкинлигини кўрсатган.

“Июн ойларимиз шу ойнинг 20, 30 йилликдаги ҳарорати билан деярли бир хил бўлиб, бироз иссиқ ҳам бўлиши мумкин. Ва айрим жойларда одатдагидан кўпроқ қуруқ ва кўпроқ нам ҳам бўлади”, – деган Зеппетелло.

Тадқиқотчилар 2100 йилгача глобал ҳарорат 3C даража бўлиш эҳтимоли кўпроқ деган хулосага келган.

Асосан Ҳиндистон, Саҳройи Кабир ва Арабистон ярим ороли ҳудудидан 5,3 миллиард киши 51 даража иссиқни бошидан ўтказади. Бундай ҳарорат 2100 йилгача ҳар йили 15 ёки ундан кўпроқ кун бўлиши мумкин. Шунингдек, экваторга яқинроқ ҳудудлар 15 кундан 90 кунгача хавфли даражадаги иссиқ кунларга дуч келиши мумкин. Масалан, Чикаго 1995 йил жуда иссиқ бўлиб, 500 одам вафот этган ва бу кейинчалик йиллик ҳодисага айланиши мумкин.

Агар иссиқлик индекси, яъни нисбий намлик ва ҳаво ҳарорати ўлчови 39C даражадан ошса, бу одамлар учун хавфли даражадаги иссиқ ва намликни пайдо қилади. Бундай иссиқ кунлар одамларни ҳолсизлантиради, чарчоққа олиб келади. Агар иссиқлик индексида 51C даража қайд этилса, бу иссиқ уриши, ўлим каби фавқулодда ҳолатларни пайдо қилиши мумкин.

Маълумот учун, ҳозир дунё ҳарорати 1,5С даража иссиқликда. Бу – олдин 100 йилда 2 марта такрорланадиган исиш энди ҳар 6 йилда юз беряпти дегани. Агар ҳарорат 4С га етса, дунё бир йилда 2 марта глобал исишни бошдан кечиради.

Мавзуга оид