Сўнгги тадқиқотларга кўра, агар биз атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсиримизни тўлиқ тўхтата олган тақдиримизда ҳам, энди иқлим ўзгариши жараёнини тўхтата олмаслигимиз маълум бўлиб улгурган.
Хўш, бу факт Ер юзида инсоният тўлиқ қирилиб кетиш хавфи остида қолганини англатадими? Агар шундай бўлса, Ер сайёрасида қай жонзотлар омон қолиши мумкин?
Инсоният глобал иқлим исишидан омон чиқа оладими?
Сўнгги расмий статистикага кўра, айни пайтда ҳар тўртинчи жонзот қирилиб кетиш хавфи остида яшамоқда. Бу ҳол асосан жаҳон океани сатҳининг ўзгариши, экстремал об-ҳаво шароитларининг пайдо бўлиши ва сайёрамизда умумий ҳароратнинг кўтарилиши туфайли рўй бермоқда.
Бундай ўзгаришларга тезроқ мослашиш учун тирик организмлар кўпроқ насл қолдиришга мажбур бўлишади.

Бунда пандалар биринчилардан бўлиб қирилиб кетиши мумкин.
Қайси жонзот ва ўсимликлар глобал иқлим исишидан омон чиқади?
Юқорида айтилганидек, шароитлари мураккаблашиб бораётган сайёрамизда тез-тез ва кўпроқ насл қолдиришга лаёқатли турлар тирик қолиши учун имконияти кўпроқ бўлади. Бундан ташқари, популяциянинг умумий жон сақлаб қолиши уларнинг мослашувчанлик қобилиятига ҳам боғлиқ бўлади.
Ўзгариб бораётган шароитларга судралиб юрувчилар (рептилиялар) ва ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшовчи (амфибиялар) каби совуқ қонли жонзотлар камроқ мослашишади. Бундай жонзотларда ўз танаси ҳароратини назорат қилиш имконияти йўқлиги туфайли улар ёппасига қирилиб кетади.

Тропик ўрмонларда эмас, асосан чўлли ҳудудларда учрайдиган иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар катта эҳтимол билан жон сақлаб қолади.
Уруғлари ҳашаротлар билан эмас, шамол ва океан оқимлари ёрдамида узоқ масофаларга тарқаладиган ўсимликлар ҳам омон қолиши мумкин.


















