Андижонда имтиёзли кредит асосида аҳолига тарқатилган қизил товуқлар нобуд бўлаётгани можароси ортидан, Наманганда ҳам товуқ билан боғлиқ вазият мавжудлиги ҳақида таҳририятимизга хабар келиб тушди.

Маълум бўлишича, 2022 йил феврал ойида Наманган вилоятининг бир қатор ҳудудларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарори билан «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 500 миллион сўмдан пул кўчирилган.

Жамғармадан Мингбулоқ, Наманган, Норин, Учқўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳрида 500 миллион, Поп туманида 400 миллион сўм маблағ «Golden egg of Namangan» МЧЖга кўчириб берилган. Айрим қарорларда мазкур корхона номи кўрсатилмаган бўлса-да, пул барибир шу корхонага кўчирилгани маълум бўлди.

Мазкур маблағ эвазига турли дафтарларда турадиган кам таъминланган оилаларга тухум қуядиган бепул товуқ ва парранда учун ем берилиши назарда тутилган.

Таҳририятимиз ихтиёрига Уйчи туманида ана шундай товуқлар тарқатилган рўйхат ҳам келиб тушди. Рўйхатдагилар билан гаплашганимизда, бу оилаларнинг бирортаси товуқ олмаганини таъкидлади. Бу эса турли шубҳа ва гумонлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Шу сабабли Kun.uz ижодий гуруҳи журналистик суриштирув ўтказиш учун Наманган вилоятига йўл олдик.

Суриштирувимизни дастлаб Уйчи туманидан бошладик. Биз Соку, Гулбоғ ва Ҳуррият маҳаллаларида бўлдик. Рўйхатда мавжуд оила вакиллари билан суҳбатлашдик. Уларга бу йил ҳисобидан ҳеч қанақа товуқлар берилмаганини маълум қилишди.

Суриштирув давомида Гулбоғ маҳалласидаги оилалардан бирига товуқ берилгани, лекин улар бизда мавжуд рўйхатда йўқлиги маълум бўлди. Ҳилола Буваевага яқин бир-икки ой ичида 37 та товуқ берилган экан.

Ҳилола Буваева

Шундан сўнг биз Уйчи туман ҳокимлигида бўлиб, туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига юзландик. У товуқлар ҳамон тарқатилаётганини таъкидлаб, шу пайтгача товуқларни қабул қилиб олган оилаларнинг рўйхатини тақдим этди. Биз Гулбоғ маҳалласида кўрган, товуқ олган оила ҳам рўйхатда борлигига амин бўлдик. Ҳоким ўринбосари янги тайинлангани сабабли таъминотчи корхона қандай танлангани билан боғлиқ саволимизга жавоб беролмади.