Жамият | 14:12 / 26.08.2022
16924
2 дақиқада ўқилади

“Отамсиз яшаш қийин”: 17 ёшида ҳаёт зарбаларига дуч келган қиз ноласи

Сирдарёдан таҳририят эшигини топиб келган 17 ёшли қизнинг дардини эшитиш оғир. Севинчнинг отаси оғир хаста. Унда бир эмас, бир нечта – номи одамни сескантирадиган касалликлар аниқланган. Аммо соғайиш учун уй-жойи, бор-будини сотган оила аъзоларининг умидлари сўнгани йўқ.

“Ҳозир дадам Ҳиндистонда. Ўзбекистонда унга оққон ва жигар циррози ташхислари қўйилган эди. Хорижга боришганда эса қизилўнгач раки ҳам аниқланди. Ҳозир учта бир биридан оғир касал билан курашаётган отамнинг операцияси учун пулимиз йўқлиги сабабли операция тўхтаб қолди. Дадам оғирлашиб қолганларини эшитдик. Яхши инсонларнинг ёрдами билан жўнаб кетишганди, энди яна ёрдамга муҳтожмиз”, - дея йиғлайди қиз.

Уйсиз қолган оила ҳатто ижарага тўлаш учун маблағ йўқлиги сабаб бир муддат касалхонада-ю, қариндошларникида кун кечиришган. Ҳозир эса ота-онаси хорижга кетган уч фарзанд оғир шароитдаги ижара уйда яшашади. Оиланинг ўртанчаси 15 яшар ўсмирнинг мардикорлик ортидан топган пулига кун кўришади. Аммо ҳозир уларни қийнаётган нарса булар эмас. Оталарининг мусофир ўлкада оғир дард исканжасида қолаётганидан хавотир олаётган болалар уни йўқотишдан қўрқувда.

“Ҳали укам ва синглим жуда ёш. Қўлимдан дуо қилишдан бошқа ҳеч нарса келмаяпти. 15 ёшли укам кунлик ишга чиқиб озиқ-овқатимиз учун пул топиб турибди. Биз ҳам қараб турмаймиз - ўзим ва синглим ғўза чопишга чиқамиз, укам юк ортишга чиқади.

Дадамиз кетганларига бир ой бўлди, уларни жуда соғиндик. Бизнинг аҳволимизни отасидан айрилганлар яхши тушунишади”, - отасиз қолишдан қўрқувда яшаётган қизнинг ноласидан алам ёғилади.

Ота-онасининг мусофирликда оғир дард билан қолаётганидан хавотирда келган қизнинг ўксинишлари қувончга айлансин. Уч фарзанд етимлик азобини тортмаслиги учун бефарқ бўлмасликнинг ўзи одамийликнинг юксак белгисидир.

Бобомурод Шобировга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0423 1734 1989 турмуш ўртоғи Сапура Тошматова номида

Uzcard: 8600 0609 1435 6085 турмуш ўртоғи Сапура Тошматова номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, Ислоҳот кўчаси 39 уй.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид