«Ведомости» нашрининг ёзишича, бундай операцияларда бир неча кун ичида 6 фоизгача даромад олиш мумкин.

«Бундай усулдан валюта чайқовчилари 30 йил аввал фойдаланишган, у ҳанузгача иш бермоқда. Бунда фақат валюта «қора бозори»дан фойдаланиш керак бўлади, – деган «ИнстаФорекс» компаниялар гуруҳи таҳлилчиси Александр Давидов. – Бу схема – 90-йилларга ҳавола, ўша пайтлар валютани фақат бозорларда алмаштирардик».

Айни пайтда Россияда нақд валютани банклардан харид қилиш имконсиз, уни «қора бозор»да пуллаш ортидан эса мўмайгина даромад қилиш мумкин.

«Бу ҳолатда маржа (фойда) пулларни жалб қилиш шароитларига, яъни у ёки бу валюта қандай нархда харид қилинаётганига боғлиқ. Гап шундаки, амалиётда чайқовчилик у ёки бу шаклда қарз маблағлари эвазига амалга оширилади ва барчаси уларнинг қийматига боғлиқ. Агар пул ўзингизники бўлса, устидан 5 фоиз даромад жуда зўр ҳисобланади. Ўз-ўзидан тушунарлики, комиссиялар туфайли минг долларлар билан бу ишни қилиш бемаънилик. Ўйлашимча, фойда олиш учун камида бир неча юз минг долларни айлантириш керак», – деган Александр Давидов.

Тажрибали чайқовчилар йиллар давомида қўшни давлатлар бозорини доимий мониторинг қилиб, энг фойдали курсларни кузатиб ана шундай жўғрофий схемада пул ишлашади. Россияда бу амалиёт апрел-май ойларида жозибадор эди, ўшанда доллар айрим пул айирбошлаш шохобчаларида 160 рублгача кўтарилган эди. Бироқ сўнгги бир неча ҳафтада Россия валютаси 1 АҚШ долларига 60 рубл курс атрофида мустаҳкамланди ва давлатлар ўртасидаги арбитраж ўз маъносини йўқотди.

«Бундан ташқари, мазкур операциялар бозордан ташқаридаги рисклар билан чулғаб олинган бўлади, – деган «Открытие» бошқарувчи компаниясининг инвестициялар бўйича директори Виталий Исаков. – Россиядан хориждаги шахсий ҳисобрақамга катта лимитда валюта жўнатиш мумкин. Ҳозир бу ойига 1 млн АҚШ долларини ташкил этмоқда. Хориждаги ҳисоб рақамдан пулларни нақд қилиб ечиб олинади ва улар Россияга қайтариб олиб келиниб, биржа курсида эмас, қимматроқ банк курсида пулланади».

Давлатлар ўртасида тез-тез қатнайдиган хорижликлар, мигрантлар ва икки фуқароликка эга кишилар бу иш билан бемалол шуғулланаётгани айтилмоқда. Бу – нормал иқтисодий фаолият, лекин у маълум бир ноу-ҳау, маълум бир рисклар билан боғлиқ. Агар сиз нақд пул олиб кетаётган бўлсангиз, сизни тунашлари мумкин ё қандайдир бир нохуш ҳодиса рўй бериши мумкин, ёки етиб келгунингизга қадар банкдаги курс кескин ўзгариши ҳам мумкин.