Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запорижжя атом электр станцияси жойлашган Украинанинг Енергодар шаҳри 28 август, якшанба куни кечқурун ўққа тутилди. Украина ва Россия томони тарқатаётган видеолавҳаларда турар жой бинолари ҳовлисида турган машиналар ёнаётгани акс этган. Шаҳар мэри Дмитрий Орлов шаҳарнинг турар жойлари ўққа тутилгани ҳақида маълум қилди. Украина ва Россия содир бўлган воқеада бир-бирини айбламоқда. 

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ўққа тутилишини ядровий шантажга уриниш деб атади. «Россия террорчилари Енергодарни ўққа тутишди. Улар провокация қилиб, дунёни шантаж қилишга уринмоқда. Улар Никопол, Марганетсни ўққа тутишмоқда ва Енергодарга «жавоб»ни ўйлаб топишмоқда, аммо ўзлари ўқ узаяпти. Россия - терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат. Ядровий шантаж жавобсиз қолмаслиги керак», — деб ёзди Ермак Telegram-каналида. 

Россия назорати остидаги област «маъмурияти раҳбари» Евгений Балицкийнинг сўзларига кўра, зарба оқибатида тўққиз киши жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Босқинчи «маъмурият»нинг яна бир вакили Владимир Роговнинг сўзларига кўра, Украина ўқ узилиши учун масъул бўлиб, у гўёки шу йўл билан Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) экспертларининг Запорижжя атом электр станциясига ташриф буюришига тўсқинлик қилмоқчи. 

Аввалроқ Украина ва Россия бир-бирини Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Европадаги энг йирик атом электр станцияси – Запорижжя атом электр станциясини ўққа тутганликда бир неча бор айблаган эди. 25 август куни ЗАЭС тарихда биринчи марта электр тармоғидан бутунлай узилди, бироқ кейинчалик станция Украина энергетика тармоғига қайта уланди. 

Бундай шароитда Украинадаги барча атом электр станциялари оператори «Энергоатом» радиация чиқиб кетиш хавфи мавжудлигини маълум қилди. «Вақти-вақти билан ўққа тутилиши натижасида станция инфратузилмаси шикастланган, водороднинг сизиб чиқиши ва радиоактив моддаларнинг тарқалиши, юқори ёнғин хавфи мавжуд», — дейилади компания хабарида. 

«Энергоатом» маълумотларига кўра, АЭХА миссиясининг келишига тайёргарлик кўраётган Россия ҳарбийлари ЗАЭС ходимларига «босқинчиларнинг станциядаги жиноятлари ва ундан ҳарбий база сифатида фойдаланиш далилларини ошкор қилишларига йўл қўймаслик учун» босимни кучайтирган. 

28 август куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ҳам атом электр станцияси Россия ҳарбий базасига айланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, рус оккупантлари «бутун қитъанинг хавфсизлигини хавф остига қўйган». Аввалроқ Британия разведкаси Россия ҳарбий техникани Запорижжя атом электр станцияси реакторидан 60 метр узоқликда сақлаётгани ҳақида хабар берган эди.