Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Литва Беларус билан чегарада деворни муддатидан олдин қуриб битказди
Беш метр баландликдаги бетон тўсиқ 550 кмга чўзилиб, Литва ва Беларус ўртасидаги қуруқлик чегарасини деярли тўлиқ қоплаган. Аввалроқ Полша Беларус билан чегарада девор қурган эди.
Литвада Беларус билан чегарада девор қурилиши муддатидан олдин якунланди, бу ишни бажарган EPSO-G компанияси томонидан 29 август, душанба куни маълум қилинди. Шу куни Литва ҳукумати раҳбари Ингрида Шимоните қурилиш ишлари якунланганини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатлар билан ишлаш ҳали ҳам давом этмоқда ва лойиҳани расман тугатиш учун махсус комиссия йиғилиши ўтказилиши керак. Шу билан бирга, қурилиш ишлари тўлиқ якунланди, айрим камчиликларни бартараф этишдан ташқари, дея таъкидлаб ўтди Шимоните.
BNS хабарига кўра, иншоот 550 кмга чўзилган ҳамда Литва ва Беларус ҳудудларини қуруқлик чегараси бўйлаб ажратиб турадиган, тиканли симли беш метрли бетон панжарадан иборат. Икки давлат ўртасидаги умумий чегара 679 км бўлиб, шундан 100 кмга яқини дарё ва кўллардир.
Девор қурилиши 2021 йил октябр ойида бошлангани ҳақида хабар берилган эди, у 2022 йил сентябрига қадар якунланиши кутилган. Чегара ҳимояси видеокузатув орқали кучайтирилиши керак эди. Лойиҳа ишга туширилганда унинг қиймати 152 миллион еврога баҳоланган. Литва ҳукумати расмий Минск қўзғатган миграция инқирозидан сўнг Беларус билан чегарада девор қуришга қарор қилди.
Ўз навбатида, Полша жорий йилнинг июль ойида Беларус билан чегарада девор қурилишини якунлади – иншоотнинг узунлиги 186 кмни ташкил этди, бу - қўшма чегара узунлигининг ярмидан бироз камроқ. Тўсиқ конструкциясининг баландлиги 5,5 метрни ташкил қилади. Унинг қурилишига қарийб 350 миллион евро сарфланган.
2021 йилда Полша ва Европа иттифоқи бошқа давлатлари ҳукуматлари Беларус раҳбари Александр Лукашенкони инқирозли ҳудудлардан қочқинларни ЕИ ташқи чегарасига етказишни ташкил қилишда айблади. «Бу Украина билан урушга тайёргарлик эди», деди Полша ички ишлар вазири Мариуш Камински 2022 йил июнь ойида.