Жаҳон | 07:58 / 01.09.2022
10739
3 дақиқада ўқилади

Бербок: Ҳатто норозилик намойишлари ҳам Россияга қарши санкциялар бекор қилинишига олиб келмайди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок таъкидлашича, Москвага қарши санкциялар немис сиёсатчилари «жуда қийин» вақтни бошдан кечирган тақдирда ҳам қишда ўз кучида қолади. 

Фото: Getty Images

Куз ва қишда энергия нархи юқорилиги сабабли Германияда фуқароларнинг норозилик намойишлари бошланса ҳам, бу Украинадаги уруш учун Россияга киритилган санкцияларнинг бекор қилинишига олиб келмайди. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 31 август, чоршанба куни Прагадаги муҳокамалар чоғида айтиб ўтди. «Биз Украина томонида бўламиз ва бу сиёсатчилар учун жуда оғир бўлса ҳам, санкциялар қишда давом этишини англатади», — деди Бербок. 

У Германия аҳолисининг кўча чиқишларини кутаётганини тан олди, улар ҳукуматга: «Биз энергия учун тўлай олмаймиз» дейишади. Бу норозиликларга жавоб ижтимоий чоралар бўлиши керак, лекин Москвага қўйилган чекловларни бекор қилиш эмас, дейди Анналена Бербок. «Украина халқига ваъда бераман: токи биз сизга керак эканмиз, сиз билан бирга бўламиз», - деди Германия ТИВ раҳбари. 

У аввалроқ Ғарб давлатлари Украинадаги урушнинг олдини олиш учун «ҳамма нарсани қилганини» айтган эди. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин «бу тинчлик музокараларини бузди» ва «ярим йилдан бери бегуноҳ мамлакатни вайрон қилмоқда», деди немис вазири 24 август куни ZDF оммавий-ҳуқуқий телеканалига берган интервьюсида. 

Москва ҳатто «гуманитар йўлаклар бўйича ҳақиқатан ҳам фаол музокаралар олиб боришни» хоҳламайди ва бундай вазиятда «Украинани қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашда» давом этишдан бошқа йўл йўқ, деди Германия ТИВ раҳбари ZDF телеканалида. 

Анналена Бербокнинг сўзларига кўра, Германиядан Украинага қурол етказиб бериш «Германиянинг ўз захиралари мутлақ танқислиги» туфайли «нозик паллада» турибди. Киев нуқтайи назаридан, «бугундан кўра кеча етказиб берган яхшироқдир», аммо Германия ҳам ўрта муддатли истиқбол ҳақида ўйлаши керак, чунки уруш келгуси йилда давом этиши мумкин, дея тушунтирди у. 

Reuters хабарига кўра, Германия қўшимча равишда Киевга Iris-T ракета тизимлари, 10 та зирҳли қутқарув машинаси, 20 та ракета отиш мосламаси, ўқ-дорилар ва дронлардан ҳимоя қилиш ускуналари беришни режалаштирмоқда. Етказиб бериш Бундестаг қўмитаси томонидан тасдиқланиши керак. Қуроллар 2023 йилда, балки ундан ҳам олдинроқ юборилиши режалаштирилган, деди агентлик манбаси. 

Мавзуга оид