Ўзбекистон | 13:37 / 02.09.2022
37239
3 дақиқада ўқилади

«Буни англаш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас» – Алишер Қодиров россиялик ҳамкасбига жавоб қайтарди

Фото: KUN.UZ

Алишер Қодиров россиялик депутат Константин Затулин Ўзбекистон президентининг шаҳидлар хотираси майдонидаги маърузасини рус ОАВларидаги асоссиз талқинига суяниб, хато хулоса берганини айтмоқда.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қилган маърузаси Россия Давлат думаси депутати Константин Затулиннинг асоссиз талқинига суяниб хато хулосаларга сабаб бўлибди.

Давлат раҳбари тарихий фактларга асосланиб, яқин ўтмишнинг қора кунларини эслатиб ўтди. Ўша қора кунларда халқимизнинг энг илғор фикрловчи қатламларининг яксон қилинганини эсламаслик, келажакда бу каби хатолар такрорланишига олиб келиши мумкин», - дейди Алишер Қодиров.

Олий Мажлис депутатига кўра, Мирзиёев нафақат ўзбек, совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган қатағонлар ҳақида гапирган.

«Президент нафақат ўзбек, балки ўша даврда совет давлатида яшаган барча миллатларнинг зиёлиларига нисбатан қилинган ваҳший ноҳақликлар ҳақида гапирди. Буни англаш ва тўғри талқин қилиш учун катта тарихчи бўлиш шарт эмас, менимча.

Ҳамкасбларимга шундай ҳам мураккаб бўлган муҳитни яна мураккаблаштирадиган, минтақадаги тинчлик ва осойишталикка путур етказадиган талқинлардан тийилишни тавсия қиламан. Зеро бундан ҳеч ким ютмайди!

Ўйнаб гапирсак ҳам, ўйлаб гапирадиган вақтда ишлаяпмиз» – дейди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик фаоллари билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этди. Ушбу нутқдан сўнг айрим рус нашрлари «Ўзбекистон президенти СССРни ўзбек миллатини йўқ қилишда айблади», мазмунидаги хабарлар чиқарди.

Нотўғри талқин қилинган ушбу хабарларга асосланиб, Россия давлат думаси депутати Константин Затулин ҳам муносабат билдирди.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев эса Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллик байрамидаги қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган мувозанатли ва босиқ нутқига Россия ОАВлари мутлақо ноадекват муносабат билдираётганини таъкидлади.

Мавзуга оид