Буюк Британиянинг Мянмадаги собиқ элчиси Вики Боуман виза режимини бузганликда айбланиб Янгон шаҳри суди томонидан бир йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Myanmar Now портали хабар берди.
Боуман билан бирга унинг эри, Мянма фуқароси Тхейн Лин ҳам бир йилга қамалди. У хотинига қонун бузишда шерик бўлганликда айбланган.
Қайд этилишича, улар Боуман рўйхатдан ўтган Янгон шаҳридаги оилавий уйларида эмас, Тхейн Линнинг Тайланд билан чегара яқинидаги уйида яшашгани қонун бузилиши деб топилган.
Улар 2006 йилда Англияга кетишган, 2013 йилда Мянмага қайтиб келишган. Боуман бу ерда "Масъулиятли бизнес маркази" нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган.












