Ўзбекистон | 10:35 / 02.09.2022
48807
3 дақиқада ўқилади

«Мувозанатли нутққа – мутлақо ноадекват муносабат» – Сафоев Мирзиёев нутқига «муносабат» билдирган рус нашрлари ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллик байрамидаги қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган мувозанатли ва босиқ нутқига Россия ОАВлари мутлақо ноадекват муносабат билдирмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ёзмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Президент Ш.М.Мирзиёевнинг қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган маросимдаги нутқига Россия ОАВларида берилган «муносабатлар»ини ўқиб чиқдим...

Мустабид тузум қатағон қурбонлари хотирасини ёд этган Ўзбекистон Президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабат.

Ўзи мунозара нима ҳақида? Мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлганлигими?

Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлигими? Ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон у ёки буни сўроқ қила олмайди.

Тузумга қарши, Ватан озодлиги учун ўз овозини баланд кўтаришга журъат этган минглаб ва минглаб юртдошларимиз учун полигон ва қабристон бўлиб қолган жойда ўтган маросимда мен ҳам қатнашдим. У чин қалбдан, ёриқ ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди.

Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик. Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?» – деб ёзган Сафоев ўзининг Twitter'даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик фаоллари билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этди. Шунингдек, давлат раҳбари «Қатағон қурбонлари хотираси» музейига кириб, мустақиллик ва боболар ҳақида фикр билдирган эди.

– Бу ерга ҳар гал келиб, эътибор беришимиз бежиз эмас. Мустақилликка эришиш осон бўлмаган. Истиқлолимизга 31 йил бўлгани билан боболаримиз 100 йиллар олдин бунга ҳаракат қилган. 100 минг ватандошимиз қатағонга учраб, 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Нима учун? Таҳлил бўлган. Улар энг катта қаҳрамонларимиз, миллатнинг хазинаси бўлган. 2-3 тадан тил билган. Ватанимизни озод қилиб, тараққиётга олиб чиқишини билишган. Бу ерда худди уларнинг овозлари эшитилгандек бўлади, – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу нутқдан сўнг айрим рус нашрлари “Ўзбекистон президенти СССРни ўзбек миллатини йўқ қилишда айблади”, мазмунидаги хабарлар чиқарди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид