Пойтахтдаги бир қанча меҳмонхоналар менежери ҳисобланган Дилшод Одиловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари бир неча маротаба унинг бошқарувидаги меҳмонхоналарга ташриф буюрган.
ИИВ ходимлари “e-mehmon” тизими орқали рўйхатдан ўтган меҳмонларнинг ҳақиқатда ҳам ўша хонада яшаётганини текширишган. Бу текширувлар учун ҳеч қандай асос кўрсатилмаган. Бундан ташқари, текширувлар соат эрталабки 5-7 оралиғида бўлгани учун дам олишга келган кўплаб сайёҳларнинг норозилигига сабаб бўлган.


Kun.uz билан гаплашган Тошкентдаги кўплаб меҳмонхоналар менежерлари ҳам ушбу ҳолатни тасдиқлади. Хусусан, пойтахтдаги меҳмонхона бошқарувчиларининг телеграм гуруҳида ўтказилган сўров қатнашчиларининг 76 фоизи текширув бўлганини, 40 фоизи ИИВ ходимлари хоналаргача кирганини тасдиқлаган.

«Дунёнинг қайси давлатида сизни кечаси уйғотиб паспортингизни текширишган? Бу каби текширишлар ҳамма меҳмонхоналарда бўлмоқда. Хавфсизликни биз ҳам истаймиз. Лекин эви билан текшириш керак-да!
Шарманда бўламиз бунақада туристлар олдида. Ўзи бир нечтасига шарманда бўлиб бўлдик. «Давлатингиз сизларнинг электрон рўйхатга қўйганингизга ёки чегарачиларингизга ишонмайдими?» - дейишяпти.
Президентимиз туризмни ривожлантиринглар демоқда, бу ёқда эса туризмга зарар бериш учун қўлдан келганини қилишяпти. Булар эса яна эски Ўзбекистондаги ҳолатга қайтишяпти, чунки бу нарсалар 2016 йилгача бўлган, кейин текширувлар бўлмай қолганди. Ҳозир яна қайтяпти», - дейди Дилшод Одилов.

Ҳолатга изоҳ олиш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилдик. ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ текширувлар айрим фуқароларга ноқулайлик келтириши табиий ва бу чоралар бутун дунёда тўғри қабул қилинади.















