Ўрганиш ишларининг навбатдаги кунида Устюрт регионида углеводородлар захирасини ўстириш Дастури доирасида олиб борилаётган бурғилаш ишлари назорат қилинди.
Жумладан, “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 3-, 4-сонли ва “Қуйи Сургил кони” 8-, 10-сонли излов қидирув қудуқларида олиб борилаётган бурғилаш ишлари билан яқиндан танишилди ҳамда захираларни ўстириш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли мутахассисларга кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг, “Қуйи Сургил” конидаги “Ўзнефтгазбурғилаш ишлари” МЧЖ томонидан бурғиланаётган 26-сонли ва ERIELL компанияси томонидан бурғиланаётган 23-, 24-сонли ишлатиш қудуқларидаги бурғилаш ишлари билан танишиб чиқилди.
Кондаги 16-сонли қудуқда олиб борилаётган мураккаб таъмирлаш ишлари жойидан ўрганилди. Ўрганишлар давомида қудуқларни бурғилаш ва таъмирлаш ишларини олиб бораётган пудратчи ташкилотлар билан мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилиниб бошқарма ва тегишли департамент бошлиқларига ишларни қисқа муддатларда якунлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, бошқармага қарашли технологик объектларда, жумладан “Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси”да 1 та қўшимча қуввати кунига 3 млн куб метр газни комплекс тайёрлаш вазифасини бажарувчи технологик тармоқни қуриш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлари ҳам жойидан кўриб чиқилди.
Олдин қабул қилинган қарорларга асосан ушбу технологик тармоқни қуриш учун зарур бўлган технологик ускуна ва аппаратларни Муборак ва Шўртан бошқармалари ички имкониятлардан ажратиш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунгача етказиб берилган технологик аппаратлар учун темир-бетон пойдеворларни қуйиш ишлари бошланган.

Ўз навбатида, технологик аппаратларни ички кўрикдан ўтказиш, босим остида синаб ўрнатишга тайёрлаш ишлари давом эттирилмоқда. Қурилиш ишларини кўздан кечириш давомида қолган технологик аппаратлар, пўлат қувурлар, қувур арматуралари ва бошқа зарур материал-техник ресурсларни етказиб бериш, қурилиш ишларини янада жадаллаштириш бўйича пудратчи ташкилот вакилларига ва масъулларга кўрсатмалар берилди.
Жорий йилнинг январ-август ойларида Устюрт бошқармаси бўйича 3 063,3 млн куб метр табиий газ ва 29,2 минг тонна газ конденсати қазиб олиниб, газ қазиб чиқариш ўтган йилга нисбатан 127% ни ташкил этди.














