Ўзбекистон | 11:32 / 05.09.2022
7949
3 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари ва касбларни мослаштириш тавсиялари тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритиши учун иш ўринлари ва касбларни мослаштириш бўйича тавсиялар тасдиқланди.

Тавсиялар барча ташкилотларда фаолият юритувчи ногиронлар меҳнат муносабатларига татбиқ этилади. Тавсиялар ногиронлар махсус яратилган иш жойлари жиҳозланишига нисбатан белгиланади.

Кўзи ожизлар учун махсус иш жойлари жиҳозланишига қуйидагилар тавсия этилади: 

  • биноларда, ҳар хил иншоотларда, кириш жойларида, коммуникация хоналарида, маъмурият, маданий-маиший хизмат кўрсатиш жойларида, иш жойларида, тиббий хизмат кўрсатиш хоналарида, санитария-маиший хоналарда ҳаммабопликни, хавфсизликни, ҳаёт фаолиятига мос келадиган меъёрий шароитларини таъминлаш;
  • кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар тўсқинликсиз ўз иш жойини топиши ва меҳнат функциялари бажарилишини таъминлайдиган тифлотехник белгилар ва тузилмалар билан махсус иш жойини жиҳозлаш;
  • қўшимча периферияли жиҳозлар ва функционал мақсадли электрон тифлотехник воситалар ёрдамида визуал маълумотга овоз бериш ва кўриш назоратисиз меҳнатни бажариш имкониятини таъминлаш;
  • махсус иш жойини ёзув учун бўртма – нақш-нуқтали ва ясси босмали ҳарфлар, тошқалам, дафтарлар ва ён дафтарчалар, Брайл ёзуви учун босмали ҳарф, товушни ёзувчи ва товушни қайтадан тикловчи асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
  • компьютерда ишлашга мўлжалланган иш жойини йирик бўртма – нақш кескин фарқ қиладиган (контраст) босмали ҳарф ва Брайл босмали ҳарф (Брайл дисплей ва Брайл клавиатураси) билан таъминлаш;
  • махсус асбоб-ускунали ва дастурли воситалар, мослаштирилган тактил дисплей ва аудиодисплей (нутқ синтезатори) ёрдамида монитор экранида визуал маълумотга овоз бериш имконини яратиш.

Эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус иш жойларини бажарилаётган меҳнат функциясини ҳисобга олган ҳолда, товуш кучайтирадиган асбоб-ускуналар ва овоз чиқарувчи телефонлар билан таъминлаш тавсия этилади.

Қарор билан ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ишчи касблар ва хизмат лавозимлари намунавий рўйхати (классификатори) ва ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритиши мумкин бўлган касблар ва лавозимлар рўйхати ҳамда меҳнат шароитлари бўйича тавсиялар тасдиқланди.

Мавзуга оид