Жаҳон | 17:52 / 07.09.2022
10818
3 дақиқада ўқилади

Россия Евроиттифоққа қарши санкцияларни кенгайтирди

Москва «қора рўйхат»га, хусусан, «Европа иттифоқининг олий ҳарбий раҳбарияти, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори мартабали амалдорларини» киритди», — дея маълум қилди Россия ТИВ.

Фото: РИА Новости

Россия Европа иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Россия ҳудудига кириши тақиқланган институтлари вакиллари рўйхатини кенгайтирди. Чекловлар, хусусан, «Европа иттифоқининг олий ҳарбий раҳбариятига, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг юқори мартабали амалдорларига, Украинага ҳарбий маҳсулотлар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани етказиб бериш билан шуғулланувчи Европа тижорат ташкилотлари вакилларига нисбатан қўлланилади, дея маълум қилди 7 сентябр, чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

Россия Ташқи ишлар вазирлигидан тегишли оғзаки нота ЕИнинг Москвадаги делегациясига топширилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги рўйхатнинг кенгайтирилишини «Россия жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан мунтазам чеклов чораларига» жавоб деб атади. 

Маълум қилинишича, «Европа иттифоқи Украина ва Европада тинчликка сармоя киритмоқчи эмас, можарони чўзиш чизиғини сақлаб қолмоқда». Бундан ташқари, Москва Европа иттифоқини «Россияга қарши мисли кўрилмаган риторикада» айблади. 

Европа комиссияси 6 сентябр, сешанба куни Россия билан виза тартибини соддалаштириш бўйича келишувни тўлиқ тўхтатиб туриш бўйича таклифларини эълон қилди. «Россия каби босқинчилик уруши олиб бораётган давлат бузғунчи ташқи сиёсатни ва Украинага қарши ҳарбий тажовузни давом эттириб, қоидаларга асосланган халқаро тартибни мутлақо менсимасликни кўрсатар экан, соддалаштирилган виза режимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак», дейилади Брюссел хабарида. 

«Тўхтатиб туриш Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузкорлиги натижасида Европа иттифоқи хавфсизлик манфаатлари ва аъзо давлатлар миллий хавфсизлигига хавф ва таҳдидларнинг кучайишига жавобдир», — дейилади баёнотда. Россия фуқаролари энди Европа иттифоқига имтиёзли кириш ҳуқуқидан фойдалана олмайди ва визалар олиш учун узоқроқ, қимматроқ ва мураккаб жараёнга дуч келади, дея огоҳлантирди Еврокомиссия.
 
Европа комиссари Илва Юханссон Европа иттифоқи давлатларининг доимий вакиллари (COREPER) 7 сентябр куни бўлиб ўтадиган йиғилишда виза режимини бекор қилишни маъқуллашига умид билдирди. «Умид қиламанки, Евроиттифоқ кенгаши тезда, шу ҳафтада таклифни маъқуллайди ва шу тариқа, душанбадан (12 сентябр) Россияга нисбатан мунтазам виза режими жорий этилади», — деди Юханссон. 
 
Ўтган ҳафта Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Прагадаги норасмий йиғилишда Европа иттифоқи ва Россия ўртасида виза режимини соддалаштириш бўйича 2007 йилги келишувни тўғридан тўғри саёҳат қилишни тақиқламасдан тўхтатиб туриш ҳақида келишиб олди, бироқ Брюсселдан янги қоидалар ишлаб чиқишни сўради. 

Мавзуга оид