«Будапешт уч нафар Россия фуқаросини Европа иттифоқи санкциялари рўйхатидан олиб ташлашни сўради», деб ёзади нашр.

Нашрнинг икки суҳбатдошига кўра, гап тадбиркорлар Алишер Усмонов, Петр Авен ва Виктор Рашников ҳақида кетмоқда. Венгрия, шунингдек, Европа иттифоқидан гуманитар ёрдам етказиб бериш учун санкциялардан истиснолар рўйхатини кенгайтиришни сўради. 

Нашрнинг ёзишича, Будапештнинг илтимоси 15 сентябргача санкция қўйилган шахсларга нисбатан чекловларни узайтириш бўйича келишиб олишлари керак бўлган бошқа Европа иттифоқи давлатларини «ғазаблантирган». Нашр манбаларига кўра, Венгрия ташаббуси «Европа иттифоқининг бошқа мамлакатларида [Венгрия томонининг] Европа санкцияларида бўшлиқлар яратиш режалари бўйича хавотирни кучайтирган, айни пайтда Еврокомиссия қоидаларни қатъийлаштиришга интилмоқда». Дипломатларга кўра, Венгрия талаблари 7 сентябр куни Украинадаги вазиятга бағишланган йиғилишда муҳокама қилинади. 

Украинада махсус операция бошланганидан кейин россиялик ишбилармонларга қарши санкциялар 28 февраль ва 15 март кунлари жорий қилинган эди. ЕИда бундай чекловларнинг расмий сабаби бизнесменларнинг Россия раҳбариятига яқинлиги билан изоҳланган. 

Умуман олганда, Украина бўйича мингдан ортиқ шахс ва 80 та ташкилотга нисбатан шахсий санкциялар қўлланган. Гап Россия раҳбарияти, жумладан Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари, бошқа етакчи сиёсатчилар, оммавий ахборот воситалари, Федерациялар кенгаши ва Давлат думаси вакиллари, ишбилармонлар, йирик компаниялар раҳбарлари ҳақида бормоқда. 

Шахсий санкциялар қаторига Европа иттифоқи мамлакатлари ҳудудига киришни тақиқлаш ва активларни музлатиш киради. 

Аввалроқ Европа иттифоқининг Люксембургдаги суди Европа санкциялари остида қолган россиялик тадбиркорларнинг бир қатор даъволарини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди. Шу тариқа, 25 май куни Роман Абрамовичнинг, 24 май куни – Михаил Фридманнинг, 23 май куни – Петр Авеннинг, 6 май куни – Алексей Мордашовнинг, 29 апрель куни – Алишер Усмоновнинг даъвоси қайд этилди.