Жаҳон | 13:14 / 08.09.2022
7565
2 дақиқада ўқилади

Байден сайловларга аралашиш таҳдиди бўйича фавқулодда ҳолат режимини узайтирди

Сайловлар инфратузилмасига рухсатсиз киришга уринишлар, шунингдек, ташвиқот тарқатиш АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин, дея маълум қилди Оқ уй.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден сайловларга чет эл аралашуви таҳдиди ёки аҳолининг сайловларга ишончини сусайтириши сабабли жорий этилган миллий фавқулодда ҳолат режимини бир йилга узайтирди. Бу ҳақда 7 сентябр, чоршанба куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Қўшма Штатлардан ташқарида «асосан ёки катта қисми» бўлган шахсларнинг овоз беришга халақит қилиши, шу жумладан «сайлов ва сайловолди ташвиқоти инфратузилмасига рухсатсиз кириши ёки ташвиқот ва дезинформацияни яширин тарқатиши» АҚШнинг миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига фавқулодда хавф туғдиришда давом этмоқда, дейилади Оқ уй маълумотида.

Вашингтонга кўра, бирон бир хорижий куч овозларни санаб чиқиш якунлари ёки натижаларини ўзгартиргани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ бўлса-да, сўнгги йилларда рақамли ва интернет алоқаларининг тарқалиши хорижий аралашув таҳдидининг кўлами ҳамда интенсивлигини оширди. 

Аввалроқ Вашингтонда Россия томони АҚШдаги сайлов жараёнига таъсир ўтказишга уринишда айбланган эди. Москва бу каби айбловларни доимо рад этиб келади. 

Дастлаб 2018 йил 12 сентябрда киритилган фавқулодда ҳолат режими муддатини узайтириш тўғрисидаги билдиришнома Федерал регистрда эълон қилинади ва АҚШ Конгрессига тақдим этилади. АҚШда оралиқ сайловлар 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. 

Мавзуга оид