
Фақат 8 та автобус йўналиши ҳаракатланади
Аввалроқ 14-17 сентябр кунлари шаҳардаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Г-34, Садриддин Айний, Регистон, Рўдакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий, Даҳбед кўчаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланиши айтилганди. Матбуот анжуманида иштирок этган транспорт вазири матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг айтишича, бу кўчаларда жамоат транспорти ҳаракатига ҳам чеклов ўрнатилади.

Самарқанд шаҳрида фақат 9 та йўналишдаги автобуслар ҳаракатни давом эттиради. Яъни 4, 7, 15, 24, 37, 74, 93 ва 99-автобуслар ҳаракатланиш чекланган кўчаларда йўналишини ўзгартирган ҳолда ҳаракатланишда давом этади. Қолган 28 та автобус йўналиши ҳаракати вақтинча чекланади. 14-17 сентябр кунлари иккита йўналишдаги трамвай ҳаракати ҳам чекланади.
Ҳаракатланиш учун ёпиладиган кўчаларда йўналишсиз жамоат транспорти каби йўналишсиз таксилар ҳаракати ҳам чекланади. Аммо ёпиқ йўлларда тез ёрдам ёки бошқа фавқулодда хизмат машиналари ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Матбуот анжуманида Тошкент – Термиз автомобил йўлида («бетонка») автомобиллар ҳаракатланиши тасдиқланди. Жанубий вилоятлардан Самарқандга ёки Тошкентга келаётган машиналар трассанинг Тойлоқ ва Самарқанд тумани ҳудудидаги қисмига ўтадиган жойдан бошқа йўналишга ўтказиб юборилади. Чунки ШҲТ саммити ўтказиладиган сайёҳлик маркази айнан Тошкент – Термиз катта трассаси бўйида жойлашган.
Анжуманда қатнашган ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъулининг айтишича, трассага Самарқанд тумани ва Тойлоқ туманидан чиқадиган кичик кўчалар ҳам вазият тақозо қилган вақтда ёпилади, шу сабаб керакли тўсиқлар кўчалар бўйича тайёрлаб қўйилган. ИИБ масъули нега Китоб ва Шаҳрисабз томондан келаётган ҳайдовчиларга Ургут – Булунғур йўли қўшимча йўл сифатида тавсия қилинмаганига изоҳ берар экан бу умумфойдаланувдаги йўл эмаслигини маълум қилди.
Жума намози ўқиладими?
Матбуот анжуманида Самарқанд шаҳридаги масжидлар фаолияти билан боғлиқ савол ҳам берилди. Чунки саммит ўтадиган 16 сентябр жума кунига тўғри келади. Бу куни шаҳардаги масжидларда жума намози ўқилиши ёки йўқлиги борасида ҳалигача аниқ маълумот берилмаганди. Мусулмонлар идорасида Самарқанд бўлими масъулининг айтишича, шаҳардаги масжидларда жума намози ўқилади, бу борада ҳозирча қандайдир чеклов кўзда тутилмаган.










