7 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида дарахтлар ноқонуний кесилиши бўйича хабар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, жойига чиқиб атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасига кўра, бу ҳудуд “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли экани маълум бўлган. Қурилиш учун ажратилган ҳудуд жами 0,20 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, шу йил 20 январда экология инспекторлари томонидан дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахтлар борлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.
Мазкур ҳужжат билан “Dream House Stroy” МЧЖга дарахтларни кесмаслик ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган. Корхона вакиллари эса дарахтларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширмаслик юзасидан 20 январда кафолат хати тақдим этган.

17 февралда эса компания ягона дарча орқали ҳудуддаги дарахтларни кесиш юзасидан ариза берган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси аризани рад этган.
Махсус ишчи гуруҳ томонидан бугун, 8 сентябр тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида “Dream House Stroy” МЧЖга тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар хил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилингани аниқланган.


Экоқўмитага кўра, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 797 700 000 сўмга баҳоланган.
“Давлат экология инспекторлари қонуний талабларини бажармагани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-6-моддаси, Жиноят кодекси 198-моддасига асосан тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган”, – дейилади хабарда.












