08:35 / 09.09.2022
2381

Фолкер Тюрк БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича янги комиссари этиб тайинланди

Аввалроқ жаҳон ташкилоти бош котибининг сиёсат бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган австриялик Фолкер Тюрк БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича янги олий комиссарига айланди. Тюрк бу лавозимда Чили собиқ президенти Мишел Бачелетни алмаштиради. 

Фото: unhcr

Австриялик Фолкер Тюрк БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича янги олий комиссарига айланди. Унинг номзоди 8 сентябр куни жаҳон ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан тасдиқланди, кейин эса бош котиб Антониу Гутерриш томонидан маъқулланди. Бу ҳақда БМТ сайтида хабар берилди. 

Тюрк лавозимга тайинланганидан сўнг, Twitter’даги саҳифасида бу шарафдан «жуда таъсирланганини» ёзди: «Мен катта масъулиятни ҳис қиляпман ва инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойилларини ҳамма учун, ҳамма жойда тарғиб қилиш учун бор кучимни сарфлайман». 

57 ёшли Тюрк маълумоти бўйича ҳуқуқшунос бўлиб, фаолиятининг катта қисмини Бирлашган миллатлар ташкилотида ўтказган ва асосан қочқинлар масаласига эътибор қаратган. ОАВ хабарларига кўра, у Бирлашган миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлигини (UNHCR) бошқарганида Гутерриш билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Тюрк Женевадаги бош қароргоҳга тайинланишидан олдин Косово ва Конго Демократик Республикаси каби бир қанча мамлакатларда БМТ Қочқинлар олий комиссарлигининг идора ва миссияларида муҳим лавозимларни эгаллаган.

Тюрк БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари сифатида 2018 йилдан буён бу лавозимни эгаллаб келаётган Чили собиқ президенти Мишел Бачелетнинг ўрнини эгаллайди. Муддати август ойида тугаган Бачелет Россиянинг Украинада олиб бораётган уруши ҳақида бир қанча шов-шувли баёнотлар берди.

Хусусан, 5 июль куни у Россия ва Украина ҳарбийлари қийноқлар, жинсий зўравонлик ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишида, жумладан тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланишда айбдор эканлигини айтди. 24 август куни Бачелет Россияни Запорижжя атом электр станциясини зудлик билан демилитаризация қилишга чақирди ва унинг яқинидаги жанглар «тасаввур қилиб бўлмайдиган хавф»ларни келтириб чиқаришини таъкидлади. 

Top