Санкт-Петербургнинг «Смолнинское» муниципалитети кенгаши депутатлари Давлат думасини Путинни ишдан бўшатишга чақиришди, сўнг улар полицияга чақирилди - армияни «обрўсизлантириш»дан иборат бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида протокол тузиш учун. Бу ҳақда 8 сентябр, пайшанба куни DW нашрига ташаббусни қўллаб-қувватлаган мундеплардан бири Никита Юферев хабар берди.
Депутатга келган СМС-хабардаги матнга кўра, 9 сентябр куни эрталаб у Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург марказий округи бўйича 76-полиция бўлимига келиши керак. Юферевнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш хабарни барча депутатлар («Смолнинское» муниципалитети кенгашидан), «ҳатто овоз беришда бетараф қолганлар ҳам» олишган.
Россия президенти Владимир Путинни давлатга хиёнат қилгани учун лавозимидан четлатиш ҳақидаги чақириқ билан Давлат думасига мурожаат лойиҳасини 7 сентябр куни «Смолнинское» муниципалитети кенгаши йиғилишига унинг депутати Дмитрий Палюга киритди. Муниципалитет кенгашининг йигирма нафар аъзосидан ўн нафари, шу жумладан унинг раиси, «Ягона Россия» партияси аъзоси овоз беришда қатнашмади, дейди Юферев. Бироқ, ҳозир бўлган ўн нафар депутат қонуний жиҳатдан кворум учун етарли эди. Натижада, улардан етти нафари Давлат думасига мурожаат юборишни ёқлаб овоз берди.
Палюга ва Юферев ўзларининг Twitter’даги саҳифаларида Россия Давлат думасига мурожаатнинг нусхасини эълон қилишди. Ҳужжатда айтилишича, унинг муаллифларига кўра, Россия президенти Путиннинг ҳаракатларида Россия конституциясининг давлатга хиёнат ҳақидаги моддасида назарда тутилган жиноят белгилари мавжуд. Хусусан, улар Россия армиясининг жанговар тайёр бўлинмаларининг йўқ қилиниши, Россиянинг ёш ва меҳнатга лаёқатли фуқароларининг ўлими ва жароҳати, Россия иқтисодиётига етказилган зарар, Украинадаги «махсус операция»дан сўнг юз берган НАТОнинг кенгайиши ва Украина армияси замонавий Ғарб техникаси билан жиҳозланаётганига эътибор қаратмоқда. Бу - унинг «демилитаризация» мақсадига зиддир.
«Смолнинское» муниципалитети депутатларининг Давлат думасига мурожаат тайёрлаш тўғрисидаги қарори ўз-ўзидан бўлмаган, дея таъкидлайди Юферев. 24 февраль куни у кенгашнинг бошқа депутати Дмитрий Балтруков, шунингдек, бошқа муниципалитетлар депутатлари билан биргаликда «Урушга йўқ: тинчлик учун, Украина билан тинчлик учун» шиори остида митинг ўтказишга ариза берган. Бироқ шаҳар ҳокимияти митингга рози бўлмаган. Мундеплар 2 март куни Санкт-Петербург аҳолисини кенгашнинг очиқ йиғилишига таклиф қилишди ва Путинга «махсус операция»ни тугатиш кераклиги ҳақидаги мурожаатга келишиб олди. Кремлдан ҳеч қандай жавоб келмади.

















