Жаҳон | 12:05 / 09.09.2022
5114
4 дақиқада ўқилади

Россияда турли даражадаги сайловлар бошланди

Россияда турли даражадаги сайловлар ўтказилмоқда, Москвада муниципал депутатлар сайланади.

Фото: РИА Новости

Россияда турли даражадаги сайловлар бошланди. Сахалин области губернатори Валерий Лимаренко 9 сентябр, жума куни хабар беришича, минтақада Сахалин области думаси депутатларини сайлаш учун овоз бериш бошланди. «Эрталаб биринчи қилган ишим ўз сайлов участкамга бориб, овоз бериш бўлди», — деб ёзади Лимаренко. 

Россиянинг аксарият ҳудудларида сайловлар уч кун давом этади ва Ягона овоз бериш куни, 11 сентябрда тугайди. 

Хусусан, Москвада 146 та муниципалитетдан 125 тасида муниципал депутатлар сайланиши режалаштирилган. 

Айни пайтда, пойтахтда овоз беришнинг биринчи соатида 220 мингдан ортиқ киши электрон овоз берди, деб ёзди «Эхо Москвы» радиостанциясининг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов Telegram’да. 

Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилованинг маълум қилишича, федерал платформада онлайн овоз беришда етти минтақанинг 110 625 нафар сайловчиси қатнашиши мумкин. Москвада у пойтахт платформасида бўлиб ўтади. 

Белгород областида ҳам сайловлар ўтказилиши режалаштирилган - «сариқ», максималга яқин террорчилик хавфи даражасига қарамай. 

Янгилик, хусусан, бу сафар сайлов участкаларида овоз бериш учун бинолар очилганда Россия мадҳияси янграши бўлди. Марказий сайлов комиссияси раҳбари Памфилова бу «руслар иродасига алоҳида куч бериши» кераклигини таъкидлади. 

Сиёсатшунос Михаил Виноградовга кўра, жорий сайловлар кўпроқ техник хусусиятга эга. «Ошкора сиёсатни деярли тақиқлаш шароитида номинал иштирокчилар ҳокимият масаласини ҳал қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган ўзларининг тактик вазифаларини ҳал қиладилар», деди у. 

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний Россия халқини Ягона овоз бериш кунида иштирок этишга чақирди. Владимир областидаги 6-сонли қаттиқ тартибли колонияда сақланаётган Навалний номидан 6 сентябр куни Twitter’да пост чоп этилди. 

«Боринг ва оқилона овоз беринг. 11 сентябр куни сизда бундан муҳимроқ иш йўқ», - дея таъкидлади мухолифатчи. Унинг қўшимча қилишича, бу йил унинг жамоаси «тавсияларни фақат Москва бўйича» беряпти. 

Алексей Навалнийнинг таъкидлашича, тарафдорлари «Путиннинг барча блоклаш ва цензура тизимларини бузиш бўйича улкан ишни амалга оширган» ва «Ақлли овоз бериш» тизимига «эркин ва қулай кириш»ни кафолатлаган. Шу билан бирга, мухолифатчи Россия расмийлари «Ақлли овоз бериш»ни «экстремист» деб ҳисоблашини эслатди. 

«Ақлли овоз бериш»да иштирок этиш орқали сиз уруш, ёлғон, коррупция ва қашшоқликка қарши овоз берасиз», - дея хулоса қилди мухолифатчи ва сайловларни бойкот қилиш тарафдорлари шу куни янада самаралироқ ҳаракат йўлини топишига умид билдирди.

Сайловлар Россиянинг 82 та ҳудудида бўлиб ўтади. Уларда 44 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид