Тошкентда бир кунда иккита дарахтзор яксон қилингани маълум бўлди. Чилонзор ва Учтепа туманларида рўй берган қонунбузарликларнинг юзага келиш тарихи жуда ўхшаш.
Аввало, ҳар иккала ҳудуддаги дарахтлар ҳақида жамоатчилик анчадан бери хавотир билдириб келаётган, масъулларни кутилган жиноятларнинг олдини олишга чақираётган эди, лекин ҳеч ким тайинли чора кўрмаган.
Қолаверса, ҳар иккала ер майдонини Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йилда, яъни дарахт кесишга мораторий аллақачон кучда бўлган вақтда тадбиркорларга ажратиб берган.
Чилонзордаги жиноят туман прокуратураси рўпарасидаги шу турдаги иккинчи жиноят экани билан эътиборли. Учтепадаги дарахтзор эса аввалроқ ҳордиқ чиқариш учун боғга айлантирилиши ҳақида айтилган, кейинчалик сотилиб кетган.



Яна Чилонзор кўчаси
Чилонзор кўчасини кенгайтириш ишлари сабаб юзга яқин кўп йиллик дарахтга зарар етказилгани, бунинг ортидан Чилонзор тумани ҳокими ва прокурори ишдан олинганига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди. Дарахтларга нисбатан навбатдаги суиқасд яна шу кўчада, туман прокуратурасининг рўпарасида содир бўлди.
20 сотихли қуюқ дарахтзор ҳудуди Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарори билан "Dream house stroy" МЧЖга ажратилган. Компания шу йил бошида ҳудудни ўраб олган, хавотирли ҳолатни Kun.uz ҳам ёритган эди. Ўшанда ўзини компания раҳбари деб таништирган Умар Ғаффоров фаоллар ва экологлар қаршисида бирорта ҳам дарахтга зиён етказмасликка ваъда берганди. У бу ерда бизнес марказ ва меҳмонхона қураётганини айтганди.
Ўша воқеадан кейин ҳудуддаги дарахтларни хатловга олган экологлар барибир уларни сақлаб қололмади. Тадбиркор ҳудудни яна баланд тўсиқлар билан ўраб олиб, у ердаги 58 туп дарахтни (уларнинг аксарияти қимматбаҳо) бир-икки кун ичида кесиб ташлаган.

















