Жаҳон | 14:50 / 10.09.2022
7829
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Tjournal нашри ёпилди

Технология ва интернет маданияти ҳақидаги TJ лойиҳаси 11 йил давом этди. Март ойи ўрталарида у РФ Қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар» бўйича айблов билан Бош прокуратура талабига биноан блокланган эди.

Фото: Tjournal

Россиянинг Tjournal интернет-нашри ўз фаолиятини тўхтатди. 10 сентябр, шанба куни таҳририят портал 11 йил давомида фаолият юритгани ҳамда технологиялар ва интернет маданияти ҳақидаги лойиҳа бўлганини маълум қилди. Унинг эслатишича, Tjournal март ойи ўрталарида Россия Бош прокуратураси талабига кўра Роскомнадзор томонидан блокланган, унинг муаллифлари Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида «фейк» маълумотларни эълон қилишда айбланган. 

TJ сайтида таҳририят мақолалари архиви мавжуд. 

TJ ёпилиши ҳақида унинг таҳририяти 22 август куни огоҳлантирганди. «Биз қанчалик истасак ҳам, бу ҳазил ёки кликбейк эмас. Нашримизнинг охирги иш куни - 10 сентябр», дейилади нашрнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида пайдо бўлган хабарда. TJ блокланишга қандай хабар ёки мақола сабаб бўлганини ҳалигача билмайди. 

Блоклаш эълон қилинганидан сўнг, нашр ишни давом эттириш учун ходимларни босқичма-босқич қисқартиришни бошлади. Бироқ, бу чора ёрдам бермади. Таҳририят лойиҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағ тугаб қолганини тан олишга мажбур бўлди. «Биз 11 йил, 2 ой ва 21 кун деганда ёпиламиз», — дейилади Tjournal хабарида. 

Tjournal — 2011 йил 20 июнь куни ташкил этилган рус интернет-нашри ва янгиликлар агрегатори. Асосий мавзулар - ижтимоий тармоқлар, блоглар, қонунчилик ва гаджетлар. Нашрнинг ўз маълумотларига кўра, сайтга бир ойда 4 миллион кишигача кирган. 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери, «Роскомсвобода» лойиҳасига кўра, «Роскомнадзор» бир неча мингта сайтни - йирик янгиликлар нашрлари, ижтимоий тармоқлар, жамоат ташкилотлари, савдо ва IT-компаниялар сайтларини гўёки ҳарбий можаро ҳақида ёлғон маълумотларни жойлаштиргани учун блоклаган. 

Мавзуга оид