Ўзбекистон | 11:10 / 10.09.2022
7621
3 дақиқада ўқилади

Транзит декларациясини расмийлаштириш тартиби тасдиқланди 

Транзит декларациясини тўлдириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Транзит декларацияси божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, товар келиб тушадиган божхона органигача етказиб берилгани назоратини божхона органлари томонидан амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатдир. 

Транзит декларациясини тўлдириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уни қайтариб олиш ва бекор қилиш E-Tranzit автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. 

Низом мазкур тизим билан ишлашга оид қатор кўрсатмаларни ўзида акс эттирган:

  • декларацияни тўлдириш ва божхона органига тақдим этиш учун декларацияни амалга оширувчи шахс тизимга жисмоний шахс ЭРИ орқали кириши ва транзит декларациясини тўлдириш учун асос бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни киритиши лозим;
  • транзит декларацияси ўзбек ёки рус тилида тузилиши керак;
  • товар кузатув ҳужжатларида шахслар, товарлар, транспорт воситалари номланишлари ва бошқа маълумотлар лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ.к.) алифболар ҳарфларида ёзилгани ҳолатлари учраса, у ҳолда бундай маълумотлар транзит декларациясида лотин алифбоси ҳарфлари билан, кирилл алифбосидаги номланишлар кирилл алифбоси ҳарфлари билан ёзилади (мисол учун, Central global cargo Gmbh, Xinjiang zhongtai chemical Co., LTD, “Магнитогорский металлургический комбинат”, Куприянов Игорь Михайлович);
  • транзит декларацияси декларацияловчи шахс томонидан божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади;
  • божхона ҳудудида божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб беришни назорат қилиш учун транзит декларацияси товарлар транспорт воситасига юкланишидан аввал тақдим этилади;

транзит декларациясини қоғоз шаклда бериш фақат қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • Ўзбекистон халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда (бунда ҳар бир вараққа штамп босилади, ваколатли божхона ходими томонидан имзоланади ва муҳр босилади, юқори ўнг бурчагида эса "нусха" ёзуви билан белгиланади);
  • ташувчи ёки ҳайдовчи декларацияни қоғоз шаклини талаб этса.

Низомда транзит декларациясини шакллантиришда алоҳида майдонларни тўлдириш мисоллари келтирилган.

Мавзуга оид