Жаҳон | 10:04 / 10.09.2022
8174
3 дақиқада ўқилади

ХОҚ инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиради

Халқаро олимпия қўмитаси шов-шувли Пекин Олимпиадасидан олти ой ўтиб, спорт мусобақалари вақтида уларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида «Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳадли стратегия»ни тасдиқлади.

Фото: Reuters

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ижроия қўмитаси 9 сентябр, жума куни «Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳадли стратегия»ни тасдиқлади. Ташкилот веб-сайтида айтилишича, 50 саҳифадан иборат ҳужжат «ХОҚ, Олимпия ўйинлари ва бутун Олимпия ҳаракати ишини тубдан белгилайди, инсон ҳуқуқлари ўз ваколатлари доирасида ҳимоя қилинишини таъминлайди».

Халқаро олимпия қўмитаси, хусусан, «Олимпия ўйинлари ўтказиладиган мамлакатларни танлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибаларни жорий этишга» ваъда бермоқда. ХОҚ миллий ташкилий қўмиталар билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида «аниқ талаблар ва қўллаб-қувватловчи воситалар билан таъминлаш» орқали ҳамкорлик қилишини айтган.

Ҳужжатда айтилишича, ХОҚнинг инсон ҳуқуқларига содиқлиги Олимпия мусобақаларининг хавфсизлиги ва инклюзивлигида ҳам намоён бўлади. Бунга имконияти заиф гуруҳлардаги спортчиларнинг ваколатларини кенгайтириш киради. 

«Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳадли стратегия» Халқаро олимпия қўмитаси томонидан 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтган қишки Олимпиада ўйинлари тугаганидан олти ой ўтиб қабул қилинган. Уларнинг очилишини Хитойда кўплаб инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари туфайли бир қатор Ғарб давлатлари раҳбарлари бойкот қилди. Уйғурлар ва тибетликларнинг, Ҳонгконгдаги мухолифатнинг мунтазам равишда бостирилиши, ўз фуқаролари устидан кузатувнинг кенгайтирилиши, хитойлик теннисчи Пэн Шуай билан содир бўлган воқеа шулар жумласидандир. 

1 сентябр куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманида инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳисоботини тақдим этди. Ҳисоботда айтилишича, «уйғур ва бошқа асосан мусулмон гуруҳларга нисбатан таъқиблар халқаро жиноятлар, хусусан, инсониятга қарши жиноят бўлиши мумкин». 

Ҳисобот эълон қилинганидан сўнг журналистлар саволларига жавоб берар экан, ХОҚ президенти Томас Бах ўзи бошқараётган ташкилот «жаҳон ҳукумати» эмаслигини ва ХОҚ Хитой спорт расмийлари билан «мезбонлик шартномаси бўйича барча мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан иш олиб борганини айтди».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид