Ўзбекистон | 09:06 / 11.09.2022
40249
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида йирик ЙТҲ оқибатида 4 киши вафот этди

Қамчиқ довонида юк машинаси ҳайдовчиси бир неча автомобил билан тўқнашган ва кейин ёнғин чиққан.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қамчиқ довонида 10 сентябр куни одамлар ўлими билан якунланган йирик ЙТҲ юз берди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ЙТҲ 10 сентябр куни соат 22:46 да Тошкент—Ўш халқаро автомобиль йўли 247-километрида содир бўлган. Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган Isuzu юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бир нечта автомобилларни уриб юборган. Тўқнашув натижасида айрим автомобиллар ёниб кетган.

Ҳодиса оқибатида воқеа жойида 3 киши ҳалок бўлган, 5-7 киши жароҳатланган. Зудлик билан ҳодиса жойига ФВВнинг «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасидан 2 та экипаж ва 1 та автоэвакуатор етиб борган ҳамда ёнаётган машиналар соат 23:50 да ўчирилган. 

Шунингдек, қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Орадан оз вақт ўтиб шифохонада яна бир нафар фуқаро вафот этган.

Ҳозирда Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун очиқ.

Мавзуга оид