Жаҳон | 14:14 / 14.09.2022
9675
3 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен: Россияга қарши санкциялар яқин орада бекор қилинмайди

Еврокомиссия раҳбари Кремлга қарши санкцияларни Путиннинг ўзи танлаган ўлим ва ҳалокат йўли баҳоси деб атади. Урсула фон дер Ляйенга кўра, Путин ютқазади, Европа ютади.

Фото: AP

Россия яқин келажакда Европа иттифоқи томонидан унга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига умид қилмаслиги керак, деди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен. «Санкциялар узоқ давом этишига ҳеч қандай шубҳа қолдирмоқчи эмасман. Россия иқтисодиёти алоқаларни йўқотиши учун жавобгарлик Москвада. Бу Путин танлаган ўлим ва йўқ қилиш йўлининг баҳоси. Путин ютқазади, Европа эса ғалаба қозонади», - деди фон дер Ляйен 14 сентябр, чоршанба куни Страсбургда Европа иттифоқининг ҳолати ҳақида сўзлаган нутқида. 

Еврокомиссия раҳбари Европа иттифоқи томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган жазо чораларини дунёдаги энг қаттиқ чекловлар деб атади. Унинг таъкидлашича, Европа биринчи кунданоқ Украина томонида бўлган ва келажакда ҳам унинг томонида қолади. Европа Украинага қурол-яроғ, молиявий кўмак бериш ва украиналик қочқинларни қабул қилиш орқали ёрдам берди, деди Урсула фон дер Ляйен. «Европа жамоаси аллақачон 19 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди», деди у ва бу ёрдамда қурол етказиб бериш ҳисобга олинмаганини таъкидлади. 

Энергетика инқирози шароитида европаликларнинг молиявий юкини камайтириш учун Урсула фон дер Ляйен энергия компанияларининг ўта юқори даромадларини истеъмолчилар фойдасига қайта тақсимлашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини илгари сурди. «Бизнинг таклифимиз аъзо мамлакатларга инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш учун 140 миллиард евродан ортиқ маблағни таъминлайди», — деди Еврокомиссия раҳбари. 

Айни пайтда газ нархи юқорилиги сабабли электр энергияси нархи ҳам кўтарилмоқда. Қуёш, шамол, ядро ва кўмирдан олинадиган арзон электр энергияси ишлаб чиқарувчилар ҳам уни юқори нархларда сотиш имкониятига эга. 

Фон дер Ляйен томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасида газдан электр энергияси ишлаб чиқармайдиган компаниялар мегаватт/соат учун 180 евро миқдоридаги ортиқча фойдани давлатга чегириб ташлашлари кераклиги кўрсатилган. Бундан йиғилган маблағлар истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш тадбирларини молиялаштиришга ёрдам беради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид