Ўзбекистон | 10:57 / 15.09.2022
18971
2 дақиқада ўқилади

ШҲТ: Журналистлар қандай шароитда ишламоқда?

Шу кунларда Самарқандда ШҲТ саммити ўтказиляпти ва унда 600 нафардан ортиқ хорижий ва маҳаллий журналист қатнашмоқда. Шу рақамнинг ўзи анжуманга оид эълон қилинаётган материаллар ҳажми нақадар улканлигини кўрсатади.

Журналистлар учун ажратилган хона

Самарқандга келишга узоқ тайёрландик. Аммо йўлга чиқишдан олдин шаҳарда меҳмонхона танқислиги, транспорт ҳаракати чекланаётгани ҳақида эшитиб, “буёғи қанақа бўларкин” деб ўйлаганимиз ҳам рост. Лекин ҳаммаси бутунлай бошқача экан.

Биринчидан, дастлаб Самарқандга автобусда келиш режалаштирилган эди, кейинчалик ОАВ вакиллари учун алоҳида "Афросиёб" поезди ташкил қилинди.

Иккинчидан, кўпинча катта халқаро тадбирларда ҳамма масъуллар чет эллик журналистлар билан овора бўлиб, ўзимизникилар ҳақида унутиб қўйишарди. Лекин бу сафар ўзимизнинг қоракўз ҳамкасбларимиз ҳам эътибордан четда қолишмади, ҳаммага тенг имкониятлар яратилди.

Учинчидан, журналистлар учун меҳмонхона ҳам, транспорт ҳам, егулик масалалари ҳам яхши ташкил қилинган.

Тўртинчидан, ҳамма матбуот марказлари керагича компьютер ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Очиғи, ноутбукларимиз ҳали бунақа тезликдаги интернетни кўрмаган ҳам эди. Бу тезликдан ҳатто Ўзбекистон ҳақида турли тасаввур билан келган хорижий журналистлар ҳам ҳайрон бўлишяпти. Мана, истаса қилса бўлар экан-ку.

Ва ниҳоят, бешинчидан ва асосийси, журналистларнинг йўлини ҳеч ким тўсмаяпти. Текширувлар ҳам олдингидек эмас, ҳамма бизга кулиб қараган, хушмуомала. Бўларкан-ку?!

Четдан қараганда, бу оддий нарсалар туйилиши мумкин. Лекин 600 кишига бир неча кун давомида шароит қилиш, кўнглига қараш, зарур муҳит яратиб бериш осон эмас. Шу жараёнларнинг бошида турган, шароит яратаётган масъулларга катта раҳмат дейман. Бардавом бўлсин!

Яна бир гап. Президент фаолиятини ёритувчи "пул"даги ҳамкасбларимиз билишади, ҳар сафар олий даражадаги тадбирларда телефонимизни олиб қўйишарди. Бироқ бу сафар негадир телефонларга тегишмади. Ҳамма хурсанд!

Аброр Зоҳидов, Kun.uz мухбири, Самарқанд.

Мавзуга оид