Ўзбекистон | 13:30 / 16.09.2022
3709
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ШҲТ бўйича шерикларга Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этади

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари кенгаши тор доирадаги учрашувидан сўнг кенгайтирилган тартибдаги мажлис бўлиб ўтяпти. Унда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурлиги боис Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этади.

Бу ташаббус мақсади – умумий келажакка бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганлар барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилиш.

Унинг амалий ижросига доир масалаларни сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доиралари нуфузли вакиллари иштирокида келгуси йили Самарқанд халқаро форумида биргаликда кўриб чиқиш таклиф этилди.

Давлат раҳбари сўзи якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмак учун ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди.

“Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид