Жаҳон | 10:13 / 16.09.2022
14776
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда пойтахт номини ўзгартириш ва фақат 7 йиллик бир президентлик муддатини жорий этиш маъқулланди 

Қозоғистон парламент палаталари қўшма мажлисида Нур-Султон номини Остона деб ўзгартириш ва бир марталик президентлик тизимини жорий этиш таклифи маъқулланди.

Фото: Shutterstock

Қозоғистон парламент палаталарининг 16 сентябр куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Нур-Султон шаҳри номини Остона деб ўзгартириш маъқулланди, деб ёзади Zakon.kz.

Пойтахт номини ўзгартириш ташаббуси «Жана Қозоғистон» депутатлар гуруҳи томонидан илгари сурилган. Парламент палаталарининг қўшма мажлисида «Жана Қозоғистон» депутатлар гуруҳининг таклифини депутатлар бир овоздан қўллаб-қувватлаб овоз беришди. 

Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар президентга имзолаш учун тақдим этилди. 

2 сентябр куни «Жана Қозоғистон» депутатлар гуруҳи аъзолари пойтахт шаҳарга собиқ номи – Остонани қайтаришни таклиф қилишди. Нур-Султон номини ўзгартириш таклифи конституциявий қонун лойиҳасига киритилган.

15 сентябр куни жамоатчилик пойтахт номини ўзгартиришни қўллаб-қувватлади. Шу куни парламент қуйи палатаси депутатлари пойтахт номини Остона деб ўзгартиришни маъқуллаган эди.

Бундан ташқари, 16 сентябр куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида президент сайлови бўйича конституцияга ўзгартиришлар маъқулланди.

Парламент палаталарининг қўшма мажлисида депутатлар бир овоздан «ҳа» деб овоз беришди. Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар президентга имзолаш учун тақдим этилди. 

1 сентябр куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига мурожаатномаси чоғида муддатидан олдин президентлик сайловларини 2022 йил кузида ўтказишни таклиф қилди. Давлат раҳбари, шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярмида парламент сайловларини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев бир марталик президентлик тизимини жорий этишни таклиф қилди. Президентлик ваколати 7 йил бўлиши керак ва қайта сайланиш тақиқланади.

2019 йил 9 июн куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Ўшанда республика бўйича умумий сайловчиларнинг фаоллиги 77,4 фоизни ташкил қилган.

Мавзуга оид