Жаҳон | 13:25 / 19.09.2022
12634
3 дақиқада ўқилади

Лондонда қиролича Елизавета II билан оммавий видолашув маросими якунланди

Қиролича билан бир неча кун давом этган хайрлашувдан сўнг, Елизавета жасади бўлган тобут Вестминстер аббатлигига етказилади, у ерда 2000 дан ортиқ юқори мартабали шахслар иштирокида диний маросим ўтказилади.

Фото: AP

Лондонда салкам икки ҳафта олдин 97 ёшида вафот этган қиролича Елизавета II билан бир неча кун давом этган оммавий видолашув маросими якунланди. 19 сентябр, душанба куни эрталаб Вестминстер залида сўнгги ташриф буюрувчилар қироличага ҳурмат бажо келтиришди.

Шундан сўнг унинг тобути Вестминстер аббатлигига олиб кетилади, у ерда қироллик оиласи аъзолари, Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс ва ундан олдинги бир қанча раҳбарлар, шунингдек, хорижий мамлакатлар қироллик оилалари аъзолари, юзлаб юқори мартабали ҳукумат амалдорлари иштирокида давлат мотам маросими бўлиб ўтади. Елизавета II’нинг давлат дафн маросимида жами 2000 дан ортиқ киши иштирок этади, жумладан Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер ва АҚШ президенти Жо Байден. Расмий тадбирларга Россия ва Беларус расмийлари таклиф қилинмади. 

Йорк собиқ архиепископи Жон Сентаму BBC’га берган интервьюсида қиролича расмий видолашув маросими «зерикарли бўлмаслигини» ва қалбларга етиб боришини истаганини айтди. Маълумки, дафн маросими якунида Елизаветанинг хоҳишига кўра унинг шахсий волинка чалувчиси Пол Бернс чиқиш қилади. У собордан тобут олиб чиқиб кетилаётганда «Sleep, Dearie, Sleep» мотам қўшиғини ижро этади. Маросим якунида қироличанинг жасади бўлган тобут Лондон орқали Виндзорга етказилади ва кечқурун у ерда дафн этилади. 

Елизавета II’нинг давлат даражасидаги дафн маросими Буюк Британияда собиқ бош вазир Уинстон Черчиллнинг 1965 йилда вафотидан кейин биринчи марта ўтказиладиган бундай тадбир бўлади. Улар қатъий хавфсизлик чоралари остида ўтказилмоқда. Қироличанинг дафн маросими куни Буюк Британияда дам олиш куни деб эълон қилинди. Германияда ҳам шу куни давлат байроқларини ярмига туширишга қарор қилинди, бу ҳақда Германия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Нэнси Фезер тегишли буйруқ чиқарди. 

Сўнгги бир неча кун ичида Вестминстер саройига қиролича билан хайрлашиш учун келган ва кўп километрлик навбатда туришга мажбур бўлган юз минглаб одамлар келди, баъзи ҳолларда кутиш вақти бир кундан ошиб кетди. 18 сентябр куни кечки пайтдан бошлаб одамларга навбатда туришга рухсат берилмади. 

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни Шотландиянинг Балморалида вафот этди. Бир неча ой олдин унинг Бирлашга Қироллик тахтига ўтирганининг 70 йиллиги нишонланди. Елизавета II бундай узоқ вақт давомида ҳукмронлик қилган биринчи Британия монархи бўлди. У 1952 йил 6 февралда отаси қирол Георг VI вафотидан сўнг тахтга ўтирган. 

Собиқ шаҳзода Чарлз Буюк Британиянинг янги қиролига айланди. У 73 ёшида Чарлз III номи билан тахтга ўтирди. У Британия тарихида энг узоқ вақт давомида Уэлс шаҳзодаси ва тахт вориси бўлиб қолди.

Мавзуга оид