Kun.uz’да Наманган шаҳрининг Жалолиддин Мангуберди кўчасида аҳоли хонадонларига жуда яқин ҳудудда АГТКС қурилаётгани ҳақида суриштирув эълон қилинганди. Унда одамлар белгиланган меъёрларга амал қилинмасдан қурилаётган ушбу «заправка» ортида вилоятдаги кўплаб «метан-заправка»лар эгаси ҳисобланган Қудратбек Абдуллаев турганини таъкидлашаётгани, бу шахс вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудаси экани айтилганди.

Ҳозирча Kun.uz эълон қилган мақолага бирорта давлат ташкилоти ёки расмий шахс муносабат билдирмади. Бу жимлик аслида кўп нарсани «сўзлаётган»дек эди.

Аммо кутилганидек, норасмий «жавоб» қайтарилди: ижтимоий тармоқларда троллар фабрикаси ишга тушиб, хонадонлар ёнида АГТКС қуриш одамлар ҳаётини очиқчасига хавф остига қўйиш эканидан огоҳлантирган журналист шаънига мағзава тўкишни бошлаб юборишди. Айниқса, троллар Facebook ижтимоий тармоғида анчагина фаоллик кўрсатиб, «шовқин» кўтаришга уриниб кўришди.

Бироқ уларнинг бу ҳаракати фаол блогерлар ва журналистларнинг кескин қарши фикрларига учради.

Жумладан, блогер Дима Қаюм шундай ёзади:

«Элмурод Эрматов ҳаққоний фактлар билан иш қилади. Халқимизни қийнаётган муаммоларни қўрқмай ёритади. Президентимизнинг журналистларга қарата «Қўрқманглар, ортингизда мен борман», деган сўзларидан илҳом олиб, тун-у кун тинмайди. Жаноблар, биламан пулларинг кўп, интернетда ўнлаб троллар ёллаб, бу инсонни обрўсизлантиришга уринмоқдасизлар. Аммо бу «ўйинларинг»ни ёш бола ҳам билади. Тролларинг эса ғирт хашаки троллар. Ундан кўра фактлар билан ҳалол «ўйин» қилинглар. Фактларинг йўқми, унда жим. Йўқолсин коррупция».

Muxbir Daliyev троллар ҳужумига қарши журналист ва блогерлардан албатта «ответ» бўлишини маълум қилган:

«Элмурод Эрматовнинг Намангандаги метан газ қироли Қудратбой ҳақидаги мақоласидан сўнг наманганлик троллар ҳужумга ўтишни бошлабди. Албатта, тролларга қаердан топшириқ кетганлигини яхши биламиз. Ва, албатта, бунга журналист ва блогерларнинг жавоби бўлади. Бизда қоида шунақаки, бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун. Тонг отсин, наманганлик троллар топшириқ берган хожасини қандай қилиб ҳимоя қилишини кўрамиз».