Энг оддий мисоллар: Телеграмдаги чат-бот сизга керакли маълумотни топиб беради; Google’нинг қидирувчи роботи сайтларни кузатади — шу сабабли биз ўз сўровимизга кўра керакли саҳифани топа оламиз.

Шундай фурсатлар ҳам бўладики, ботлардан ножўя мақсадларда ҳам фойдаланилади ва бу албатта сиёсат билан боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Айтайлик, обуначаларни йиғиш, лайклар ва ижтимоий тармоқлардаги кўришлар сонини кўпайтириш, сайтга трафикни ошириш — булар асосан ботларнинг иши.

Масалан, рекламадан пул ишлаш учун Twitch ўйин стримингида фирибгарлар виртуал томошабинлар, ҳаттоки чатнинг виртуал аъзоларини ҳам яратишади. Баъзан бунақа схемаларда қўл билан бошқарилувчи ботлардан фойдаланилади. Масалан, ўнлаб арзон қурилмаларига Instagram ўрнатилган одамни тасаввур қилинг. У буюртмага кўра лайклар сонини ошириб беради.

Шу сабабли бот-инсон ва ҳақиқий робот ўртасидаги фарқ жуда кам. Агар бирор ҳаракат учун одамларни ёллаш керак бўлса, ҳозир буни осонгина амалга ошириш мумкин. Маош эвазига ёлланма одамларни эътироз билдираётган оломонга айлантириш ёки кимнидир мақташ учун ёллашда ҳаттоки интернет ҳам шартмас. Шунинг учун астротурфинг бўйича мутахассислар замонавий бот фермаларининг аждоди деб саналади.

«Астротурфинг» ибораси илк марта 1985 йилда пайдо бўлган. У AstroTurf деб номланувчи сунъий ўт ишлаб чиқарувчи фирма номига қўйилган. Унинг бош ғояси пастки қатламдаги (инглизчада бу grassroots, яъни «ўтнинг илдизи» деб аталади) жамоатчилик ташаббусининг таассуротларини сунъий яратиб, сиёсатчиларга таъсир ўтказиш бўлган. Астротурфинг жамоатчилик босими тушунчаси билан ўйнашиши сабабли у демократик давлатларда кенг тарқалган; қаерлардадир у тақиқланган ва фирибгарлик схемаси саналади.

Интернетгача бўлган даврда астротурфинг сунъий яратилган ассоциациялар, «активистлар»нинг мурожаатлари, матбуотда пул эвазига чоп этиладиган материалларга асосланган. Ҳозир улар бот фермаларнинг фейк аккаунтлар, блоглар, келишиб олиб шарҳ ёзиш каби бутун воситаларидан фойдаланишмоқда.

Диктатуралар троллар армияси ва бот фермаларидан фаол фойдаланишади. Бу ерларда пулга ишловчи коммент ёзувчилар фош этилган тақдирда ҳам сайлов жараёнига таъсир ўтказиши хавфи жуда кам. Автократлар жамоатчилик муҳаббатидан мухолифатга қарши қурол сифатида ҳам фойдаланишади.

Интернетда ботлар ёрдамида жамоатчилик фикри шакллантирилишига қачондан бошлаб киришилгани аниқ эмас. «Бот» иборасининг ўзини ҳам инсонларга нисбатан дарҳол қўллай бошлашмаган.