Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий ташкилоти раҳбари Евгений Пригожин мамлакатдаги қамоқхоналардан бирида маҳбусларни Украинадаги урушга боришга чорлаётгани тасвирланган видео тарқалган эди. Унда Пригожин маҳбусларга 6 ой давомида фронтда жанг қилгач, афв этилиб, озодликка чиқишини айтган.
Видео интернетда тарқаларкан, одамхўр, қотил ва зўравонларнинг озодликка чиқишига кўплаб эътирозлар билдирилди. Кўп ўтмай «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси эгаси бу бўйича изоҳ берди.
«Хусусий ҳарбий компанияда зэклар уришишини истамаганлар, ўз фарзандларингни фронтга жўнатинглар. Ё ЧВК ва зэклар, ё болаларингиз — ўзларинг танланглар», — деди “Путиннинг ошпази” лақаби билан танилган тадбиркор.
Украинага қарши урушда «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланиб иштирок этишни истаган маҳбусларга тўлиқ амуниция ва қурол-яроғлардан ташқари, 6 ой давомида ойига 100 минг рубл маош ваъда қилинмоқда.
Россия томони урушга шунингдек, Россияда ишлаётган меҳнат мигрантларини ҳам кенг жалб қилиб келмоқда. Маълум бўлишича, кўплаб мигрантлар урушга ёлланган тақдирда пул мукофотлари ва фуқаролик ваъдаси билан чақирув хатлари олган.
Kun.uz мухбири айни масалалар таҳлили бўйича Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари билан шуғулланувчи юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан интервью ўтказди.
Kun.uz: –
Ботиржон ака, сиз Россиядаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари билан шуғулланувчи юристсиз ва яхши биласизки, Украинадаги урушда ишлари тобора орқага кетаётган Россия энди ўзидаги хорижий мигрантларни ва шунингдек, қамоқхоналардаги узоқ йилга қамалган маҳкумларни урушга ёллай бошлади.
Сиз шу ишлардан бевосита хабардор киши сифатида бугун Россиядаги ва у ердаги мигрантлар, маҳбусларнинг вазиятини тасвирлаб бероласизми?
Ботиржон Шермуҳаммад: –
Россиядаги муҳожирларимиз бир неча миллион кишини ташкил қилади. Уларнинг айримлари турли сабабларга кўра қамоқхоналарда ҳам ўтиришибди. Афсуски, уларнинг сонини аниқ билмаймиз. 2017 йилги маълумотга кўра, 6300 дан ортиқ ўзбек мигрантлари Россия қамоқхоналарида сақланиб келинган. Бундан кейин ҳам мигрантлар сони камаймаганлигини инобатга оладиган бўлсак, ё шунча ёки ундан ҳам кўпроқ ўзбеклар қамоқхоналарда сақланаётган бўлиши мумкин. Афсуски, бу масалада ҳеч бир расмий ташкилот томонидан маълумотлар берилмаяпти. Умумий сони бериляпти, аммо давлатлар кесимида берилмаяпти. Ўзбекистон элчихонаси ёки миграция агентлиги томонидан бу маҳбусларнинг нима сабабдан қамалгани ҳали ўрганилмаган ва ёрдам бериш масалалари ҳал қилинмаган.


















