Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари, Чўлланишга қарши кураш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Иброҳим Тиау таъкидлаганидек, сўнгги йилларда БМТ Чўлланишга қарши кураш конвенцияси доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик сезиларли даражада ошди. Конвенцияни амалга ошириш жараёнини кўриб чиқиш қўмитаси 21-йиғилиши келаси йили Ўзбекистонда ўтказилиши ўзаро алоқалар ўсиб бораётгани далилидир. У конвенция котибияти ушбу тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича Ўзбекистон томонига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

БМТ бош котиби ўринбосари Ўзбекистоннинг Орол денгизи қуриши салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий чора-тадбирларини, қуриган денгиз тубини кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.