Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.
Аввало, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.
Амалга оширилган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати муайян даражада яхшиланган. Жумладан, 2026 йил январь-февраль ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайган. Энди бу йўналишда ҳудудий дастурлар босқичма-босқич қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика, ягона ҳаво мониторинги ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилади.
“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.
Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.















