Афғонистоннинг собиқ ҳукумати билан тузилган шартнома асосида ўнлаб афғонистонлик талабалар Ўзбекистонга ўқишга келган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетида ўқиётган 7 нафар талаба Kun.uz’га пулсизлик ва ишсизликдан қийналаётгани ҳақида гапириб берди. Таҳририят билан боғланган факультет раҳбарияти ва ходимлари ҳам уларга иш топиш илинжида.

«Собиқ ҳукумат билан келишувга кўра, Ўзбекистон бизни ўқишга чақирди. Давлатимиз томонидан биринчи марта шу ерга келганимизда 44 киши эдик, ҳаммамиз ҳар хил университетга кирганмиз — ЎзМУда 7 киши, Ислом Академиясида 7 киши ва бошқа университетларда ҳам талабалар бор», — дейди Афғонистоннинг Парвон вилоятидан ўқишга келган Саид Нақиб Ҳашимий.

Саид Нақиб Ҳашимий / Фото: KUN.UZ

Улар журналистика факультети (Ўзбекистон Миллий Университети)га ўқишга келишдан олдин Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида ўзбек тили курсида ўқиб, ўзбекчани ўрганган.

ЎзМУ журналистика факультетининг амалиёт бўйича масъул ходими Акбар Абдураимовнинг айтишича, афғонистонлик талабалар 2022 йил феврал ойида 1-курснинг иккинчи ярмидан қабул қилинган.

«Бунгача бўлган даврда улар Афғонистонда аввалги ҳукумат билан тузилган шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. У ерда ҳукумат алмашган. Ўзбекистонда уларни ўқитиш текин, ётоқхона билан ҳам бепул таъминланади. Ҳозир Миллий Университет ётоқхонасида бошқа хорижлик талабалар билан истиқомат қилиб келишяпти. Бундан ташқари, турли хайрия тадбирлари ташкил этилиб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлар ҳам бўлиб турибди», — дейди Акбар Абдураимов.

Ўзи ва дўстлари дуч келаётган муаммолар ҳақида гапирар экан Ҳашимий уларга иш кераклиги, пули йўқлигини айтади.

«Биз журналистика факультетида ўқияпмиз, агар медиа соҳасида иш топсак, жуда яхши бўларди», — дейди у.

Лағмонлик Муҳаммад Иброҳим Анўш эса уларда медиа соҳасида ишлаш учун энг катта муаммо ўзбек тили эканлигини айтади. Аммо у инглиз тилини яхши билади, 5 йил давомида BBC’да аввалига радио драмада актёр ва кейинчалик инглиз тилида драма ёзувчиси сифатида ишлаган.