21 сентябр куни кечқурун Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан буён энг йирик ва катта эҳтимол билан энг муҳим асирлар алмашинуви бўлиб ўтди. Украина ҳукуматига кўра, 215 киши россияликлар асирлигидан қайтарилган:

  • «Азовстал» мудофаасидаги беш қўмондон
  • 124 офицер
  • «Азов» полкининг 108 жангчиси
  • Украина томонида жанг қилган хорижликлар (жами 10 киши), жумладан «ДХР»да ўлимга ҳукм қилинган икки британиялик ва бир марокашлик.
  • Оленивкадаги портлаш вақтида яраланган саккиз ҳарбий.

Украина Россияга 55 ҳарбий ва «Путиннинг куми» Виктор Медведчукни (Путин унинг катта қизининг чўқинтирган отаси ҳисобланади) қайтарган. У Киев томонидан давлатга хиёнатда айбланган. «Рыбарь» телеграм-каналига кўра, асирликдан қайтарилган россияликлар орасида қуйидагилар бор:

  • майор ва подполковник
  • олти нафар кичик офицерлар ва тўрт нафар прапоршчик
  • 40 нафар оддий аскар ва сержантлар
  • «ДХР» «халқ милицияси»дан икки, «ЛХР» «халқ милицияси»дан бир киши.

«Рыбарь» Россияга яна 32 киши қайтиши кераклиги ҳақида ёзган.

Фото: Reuters

Украинага 200 нафар атрофида ҳарбий хизматчи қайтгани тўғрисида Украинада телемарафон эфирида ҳам маълум қилинди: президент офиси раҳбари Ондрий Ермак Володимир Зеленский олдида ҳисобот берди, кейин улар асирликдан қайтарилганлар билан, жумладан «Азов» командирлари билан видеоалоқа орқали мулоқот қилишди.

«Биз ўз қаҳрамонларимиздан 200 кишини аллақачон терговда барча кўрсатмаларини бериб бўлган Медведчукка алмашдик. «Азовстал»нинг беш қаҳрамон қўмондони — биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган 55 нафар россиялик асирга алмаштирилди», — дея алмашув схемасини очиқлаган Ермак.

Зеленский Украинада барча таниб олган одамларни номма-ном санаган, улар қаторида «Азовстал»даги машҳур фотограф Дмитрой Казацкий («Орест») ҳам бор.