Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳар кенгаши тезлик лимити жорий этиш таклифи қайтарилганига изоҳ берди
Фото: Getty Images
Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида белгиланган тезликни 10 км/соатга пасайтириб, 60 км/соат қилиб белгилаш тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ таклифи пойтахтлик депутатлар томонидан рад этилгани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ушбу масала юзасидан расмий муносабат эълон қилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракатланиш тезлигини соатига 60 километргача камайтириш юзасидан киритилган таклиф рад этилганлиги ҳақида тарқатилаётган маълумотлар асоссиз.
«Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2022 йил 16 сентябрдаги етмишинчи сессияси кун тартибида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракатланиш тезлигини соатига 60 километргача камайтириш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилган.
Депутатлар томонидан юқорида киритилган таклифни муҳокама қилиш жараёнида алоқадор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш зарурлиги, бунда Тошкент шаҳар кўча ва йўл тармоғи, аҳолининг ҳаракатланиш оқимлари йўналишларини ва шу каби бир қатор омилларни ҳисобга олиш зарурлиги билдирилди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан мазкур таклиф рад этилмаган бўлиб, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига қайта киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълум қилинади», дейилади муносабатда.
«Ҳурматли блогерлар» ва ОАВ вакиллари келгусида маълумотларни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, мазмун-моҳиятни тўлиқ англаган ҳолда асосли равишда омма эътиборига етказишларингизни сўраб қоламиз, дейилади муносабат сўнгида (имло ва пунктуация сақланиб қолинди).

Муносабатнинг расмий матнида «Ҳурматли блогерлар» сўзи қўштирноққа олингани эътиборли.
Мавзуга оид
15:54 / 10.12.2025
Тошкентда Бразилиянинг янги элчиси фаолиятини бошлади
21:26 / 07.12.2025
Тошкентда ҳавони ифлослантираётган корхона раҳбарига чора кўрилди
21:38 / 06.12.2025
Тошкентда жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
15:27 / 06.12.2025