Ўзбекистон | 07:41 / 24.09.2022
1463
3 дақиқада ўқилади

Халқ табобатини ривожлантириш марказлари битирувчилари аттестациядан ўтказилади

Соғлиқни сақлаш вазирининг “Халқ табобатини ривожлантириш марказларида тингловчиларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ табобатини ривожлантириш марказларига халқ табобати бўйича мутахассислар, тиббиёт ходимлари ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ўқишга қабул қилинади.

Қуйидаги шахслар ҳудудий марказларга ўқишга қабул қилинмайди: суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилганлар; психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турганлар; тиббий фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинганлар.

Тингловчилар аттестацияга қўйилиши учун ўқув режа ва фан дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли бўлишлари талаб этилади.

Тингловчи қуйидаги ҳолатларда тингловчилар сафидан чиқарилади ва аттестацияга қўйилмайди: ўз хоҳишига биноан; ўқув жараёни ташкил этилган жойларда ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда; ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз ўн олти академик соатдан ортиқ қолдирганда; шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганда; саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида); суд томонидан озодликдан маҳрум этилганда; вафот этганда.

Тиббиёт ходимлари бўлган битирувчиларни аттестациядан ўтказиш учун республика маркази директори буйруғи билан тиббиёт ўқув юртлари ва тиббиёт ташкилотлари мутахассислари ичидан камида беш кишидан иборат таркибда аттестация комиссияси ташкил этилади. Тиббий маълумотга эга бўлмаган битирувчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия томонидан аттестациядан ўтказилади.

Аттестация комиссияси ҳамда махсус комиссия йиғилишида унинг аъзолари учдан икки қисми иштирок этганида ваколатли ҳисобланади. Битирувчилар аттестацияси ўқув курси тугагандан сўнг 10 кунлик муддат ичида ўтказилади. Республика маркази ўқув дастурлари мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда аттестация саволларини шакллантиради. Аттестация саволлари фан дастурлари доирасида тузилиши ҳамда аттестация бошланишидан камида 15 кун олдин тингловчилар эътиборига етказилиши лозим.

Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади ва унинг натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 балли тизимда баҳоланади. Битирувчи 86-100 балл тўпласа унинг билими “аъло” деб, 71-85 балл тўпласа “яхши”, 56-70 балл тўпласа “қониқарли” деб баҳоланиб, аттестациядан ўтган деб ҳисобланади. Аттестация натижалари бўйича битирувчи 55 ва ундан кам балл тўплаган ҳолларда унинг бўлими “қониқарсиз” деб баҳоланиб, аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид