Россия ўз фуқароларига қўшиб мигрантларни ҳам урушга тортяпти

Россия Украина ҳудудларини босиб олиш учун давом эттираётган урушнинг 8-ойига келиб, урушга жалб этилаётган ўзбекистонликлар сони кескин ортиб кетиши хавфи юзага келди. Россия расмийлари Марказий Осиёдан келган мигрантларни ёппасига урушга олиб кетиш ниятини яшириб ўтирмаяпти ва бу борада амалий ҳаракатлар бошланиб кетган.

Асосан марказий осиёлик муҳожирлар патент олиш учун борадиган Сахаровадаги миграция марказида ҳарбий комиссарлик очилди. Бу ерда чет эл фуқароларига Россия армиясига хизматга кириш ва бунинг эвазига Россия фуқаролигини осонроқ олиш тарғиб қилиняпти.

Маълумот учун айтиш керакки, нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон қонунларида ҳам чет элда ҳарбий хизматга ёлланиш жиноят экани ёзиб қўйилган. Оддий қилиб айтганда, Россияда мигрантлар жиноят қилишга, одам ўлдиришга таклиф этиляпти.

Вазиятга бошқачароқ ёндашиш ҳам мумкин. Шу ҳафта Владимир Путин ҳозирча “қисман” деб айтилаётган сафарбарлик эълон қилди. Бу сафарбарлик, албатта, Россия фуқароларига тааллуқли. Яъни муҳожирлар урушга таклиф қилинаётган бўлса, Россия фуқаролари урушга мажбуран олиб кетиляпти. Шу муҳим фарқдан келиб чиқиш айтиш мумкинки, ақли расо эркаклар учун ҳозир Россияда муҳожир статусида бўлиш Россия фуқароси бўлишдан ҳам афзалроқ. Яъни сизни урушга мажбуран олиб кетишолмайди, истаган вақтингизда Россиядан чиқиб кетишингиз ҳам мумкин.

Шу ҳафта Украинанинг тўртта ҳудудини Россияга қўшиб олиш бўйича шошилинч “референдумлар” бошлангани, шундан кейин Киевнинг бу ҳудудларни қайтариб олишга уринишлари Россия ҳудудига ҳужум деб баҳоланиб, қисман сафарбарлик умуммиллий сафарбарликка айланиши кутилаётганини инобатга олсак, фуқаро ва муҳожир статуслари ўртасидаги фарқ яна ҳам катталашади.

Айрим муҳожирларнинг урушга ўз ихтиёри билан бораётгани эса, афсуски, катта фожиа. Марказий Осиё давлатлари Россиянинг бу ҳаракатига зарур даражада муносабат билдиролмаётгани – алоҳида масала; биз фақат шуни айтмоқчимизки, айни кунларда Россияда қариндоши ёки таниши бор ҳар бир ўзбекистонлик улар билан боғланиб, урушга бориб қолмаслик бўйича огоҳлантиришни ўз бурчи деб билиши керак. Бунда энг керакли асосларни санаб ўтиш лозим.

Биринчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати берган баёнот