Путин бу таҳдидни 21 сентябр куни Россиядаги «қисман сафарбарлик» ҳақидаги баёнотида яна бир бор айтиб ўтди.

«Медуза» нашри Россия ядро сиёсати бўйича эксперт, Канададаги Куинс университети Халқаро ва мудофаа сиёсати маркази илмий ходими Максим Старчак билан Путин ҳақиқатан ҳам ядровий зарба беришга қарор қилиши мумкинми ва бунинг оқибатлари қандай бўлиши ҳақида суҳбатлашди.

— Ядро қуроллари тажовузкор ва ён босишга тайёр бўлмаган одамлар қўлига тушиб қолса, дунёда уларни тийиб туриш ва қандайдир назорат қилишга қаратилган тизим борми? Принципиал жиҳатдан бундай тизимни яратиш мумкинми?

— Йўқ, деган бўлардим. Назарий жиҳатдан, Путин деярли ҳамма нарсани қила олади. Ядровий давлат мақоми ҳарбийларнинг жазосиз қолиш имкониятини очиб беради.

Кафолатланган тарзда бир-бирини йўқ қилиш доктринаси бор. Унга кўра, томонлардан бири бошқасига нисбатан ядро қуролини қўлласа, улардаги ядро каллаклари сони ўхшаш бўлса, жавоб зарбасига, яъни ҳужумчининг ҳам, ҳимоячининг ҳам бутунлай йўқ қилинишига олиб келади.

СССР ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар шу асосда қурилган ва энди у Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий хавфсизликнинг асоси ҳисобланади. Агар томонлар ядровий салоҳияти бўйича тенг бўлмаса ҳам, жавоб зарбасини бериш таҳдиди ядровий мамлакатга қарши тажовузнинг олдини олади. Мисол тариқасида АҚШ ва КХДР муносабатларини келтириш мумкин.

Аммо бу ядровий қуролга эга давлатлар ўртасидаги муносабатларда шундай. Агар ядровий давлат ядро қуролига эга бўлмаган давлатга ядровий ҳужум уюштирмоқчи бўлса, буни тўсиқсиз амалга ошириши мумкин. Ҳа, бундай хатти-ҳаракат халқаро миқёсда қораланади, лекин амалда ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Шу билан бирга, ядро қуролига эга бўлмаган НАТО давлатлари альянс низомининг 5-моддаси билан ҳимояланган (бирига ҳужум – ҳаммага ҳужум). Бошқа мамлакатлар икки томонлама каналлар орқали ёрдамга умид қилиши мумкин. Хусусан, Қўшма Штатларнинг Япония ва Жанубий Корея билан ўзаро мудофаа бўйича икки томонлама келишуви бор. Россия КХШТ аъзоси бўлган давлатларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлаши керак.

Бошқа ҳолларда ҳеч нарса юз бермайди. Ҳар томонлама дипломатик босим ўтказишга тўғри келади. Афтидан, Путинга нафақат Ғарб, балки Ҳиндистон ва Хитой, ШҲТга аъзо бошқа давлатлар ҳам босим ўтказмоқда, буни Самарқанддаги саммит кўрсатди. Агар бир бетайин раҳбар ядро урушини бошлаши мумкинми деган саволни ўртага ташласак, албатта бошлаши мумкин, аммо қийин.