РФ президенти Владимир Путин 21 сентябр куни сафарбарлик эълон қилганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий комиссариат ва маъмурият биноларига ўт қўйиш ҳолатларининг янги тўлқини бошланди. Ҳарбий комиссариатларга ўт қўйиш ҳолатлари 24 феврал куниёқ бошланган, уруш дастлабки ярим йилида Россияда камида 20 та ҳарбий комиссариат бинолари ёқиб юборилганди, энг кўп ҳолатлар май ойига тўғри келади; энди эса бунай ҳужум ҳолатлари кескин ўсди.

Ҳарбий комиссариатлар

Санкт-Петербург. 21 сентябр куни кечқурун Петербург таркибига кирувчи Ломоносов шаҳрида Ленинград области Ломоносов райони ҳарбий комиссариати биносида ёнғин содир бўлди. Ёнғин биринчи қаватдаги черковга тегишли бўлган хонада чиққан. Ёнғин майдони олти квадрат метрни ташкил этган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Нижний Новгород. 21 сентябр куни кечқурун Канавинский райони ҳарбий комиссариати биносига ўт кетди. Тахминларга кўра, биринчи қаватдаги деразалардан бири орқали «Молотов коктейли» улоқтирилган. Ёнғин майдони бир квадрат метрни ташкил этган, чақирув пунктидаги стоматология хонаси эшиги ва поли шикастланган. Жабрланганлар тўғрисида хабар берилмаган.

Оренбург области. 22 сентябрга ўтар кечаси Гай шаҳрида ҳарбий комиссариат биносига кириш эшигига ёнувчи суюқлик сепилиб, ўт қўйиб юборилган. Ёнғин тезда ўчирилган, деворлардан бири шикастланган.

Байкалорти ўлкаси. 22 сентябрга ўтар кечаси Кир қишлоғидаги ҳарбий комиссариат биносига ёнувчан суюқлик тўлдирилган бутилка улоқтирилган. ОАВ маълумотига кўра, ёнғин содир бўлмаган.

Амур области. Свободний шаҳрида 23 сентябрга ўтар кечаси ҳарбий комиссариат биносига «Молотов коктейли» улоқтирилган, бутилка асфальтга тушган ва ёнғин чиқиб, бинонинг фасади зарарланган. Ҳеч ким жабрланмаган.

Хабаровск ўлкаси. 23 сентябрга ўтар кечаси Хабаровскда Саноат районидаги ҳарбий комиссариат биносини ёнувчан модда тўлдирилган бутилка орқали ёқиб юбормоқчи бўлишди, ёнғин икки хонага тарқалган, жабрланувчилар бўлмаган.

Красноярск ўлкаси. 24 сентябрга ўтар кечаси Канск шаҳрида шаҳар ҳарбий комиссариатини ёқиб юборишга уринган кекса ёшли киши қўлга олинди.