Россия президенти Владимир Путин 21 сентябр куни Россияда «қисман» сафарбарлик эълон қилгач, армия ёшидаги кўплаб россияликлар мамлакатни тарк эта бошлади. Урушга боришдан қочаётган бу инсонлар оқими сабаб Грузия, Финландия, Қозоғистон ва Мўғулистон билан чегараларда бир неча километрлик навбатлар пайдо бўлди. Минглаб россияликлар ҳали ҳам ушбу давлатларнинг назорат-ўтказиш постлари олдида қолмоқда. Улардан бири ўзининг Қозоғистонга қочиши давомида бошдан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилди.

Сафарбарлик эълон қилиниши билан минглаб россияликлар зудлик билан мамлакатни тарк эта бошлади. Улардан 100 мингдан ошиғи аллақачон қўшни Қозоғистонга ўтиб бўлган. Чегарадаги бир неча соатлик навбатлардан сўнг россияликлар Қозоғистоннинг бу минтақадаги энг йирик шаҳри — Уралскка келмоқда.

Шаҳардаги ҳамёнбоп ижара уйлари жуда тез тугаган, бироқ маҳаллий аҳоли қочқинларга ёрдам беряпти. Муҳожирларни нафақат кўнгилли фуқаролар, балки ташкилотлар ҳам қабул қилмоқда. Хусусан, Уралск шаҳрининг Cinema Park кинотеатри кўплаб россияликларга ўз ҳудудидан бошпана берган. «Медуза» нашри Қозоғистондаги илк кечасини ушбу кинотеатрда ўтказган россиялик қочқин билан суҳбатлашди. Қуйида унинг ҳикояси келтирилади.

«Кетишга қарор қилдим, чунки нима бўлаётганини тушунишга имкон, эртанги кунга ишонч йўқ эди. Аҳвол қўрқинчли эди. Сафарбарликка чақириш тартибсиз олиб борилаётганди. «Қисман» сафарбарлик атрофидаги реал воқеалар билан расмий ахборотлар бир-бирига тескари бўлиб, тўла дезинформация шаклланди.

Қолаверса мен таътилда эдим. Олдинроқ кетишга қарор қилдим, чунки чегаралар ёпилиб қолса, ичкарида қолиб кетишни хоҳламадим. Эҳтимол, қолиб кетиш ва армияга чақирилишни истамадим.

Мен жўнашдан бир неча кун олдин бу ҳақда тезкор қарор қабул қилдим. Жуда асабийлашдим, миямдан атрофда бўлаётган кўнгилсизликларни чиқара олмадим. Ҳатто бир неча кун ишлай ҳам олмадим ва дам олдим.

Кетишни тезда режалаштирдим. Оилам буни ижобий қабул қилди. Яъни албатта, улар бундан хурсанд бўлмади, аммо хафа ҳам бўлишмади, улар ҳаммасини тушунди. Менимча, оилам учун мени ҳимоя қилиш муҳим. Бу нормал ҳолат.

Шунинг учун улар менга шунчаки «Яхши, биз сени қўллаб-қувватлаймиз. Нимани зарур деб билсанг шуни қил» дейишди.

Лекин улардаги ҳис-ҳаяжон билиниб турарди, улар асабийлашаётган ва ташвишланаётганди. Чунки катта эҳтимол билан бу воқеалар тез орада тугамайди.