Ўзбекистон | 12:30 / 05.10.2022
33924
2 дақиқада ўқилади

Грин-карта мавсуми бошланмоқда

​​​​​​​АҚШга кўчиб кетиш имконини берувчи DV-2024 лотереяси учун аризалар қабули бугун, Тошкент вақти билан соат 21:00дан бошланади.

Фото: Getty Images

Лотереяда иштирок этиш учун талабгорлар dvprogram.state.gov сайти орқали ариза-анкета тўлдириши лозим. Анкета тўлдириш ва лотереяда иштирок этиш бепул.

Аризалар қабули 8 ноябр Тошкент вақти билан соат 22:00га қадар давом этади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси талабгорларни муҳлатнинг охирига қадар кутмасликка чақирди: сўнгги кунларда сайт ишида техник носозликлар кузатилиши мумкин.

Diversity Visa Program – турли миллат вакиллари учун виза дастури бўлиб, Америкага иммиграция кўрсаткичлари тарихан кам бўлган халқлар вакилларининг АҚШга кўчиб келишига имконият бериш учун жорий этилган. Бу орқали Америка халқини ташкил этувчи миллатлар хилма-хиллигини ошириб бориш кўзда тутилган.

Лотерея орқали ҳар йили дунё бўйлаб 55 минг кишига грин-карта берилади. Бироқ лотереяда бундан икки баробар кўп одам ғолиб деб топилади. Хусусан, DV-2023 лотереясида 119 262 киши тасодифий равишда танлаб олинган. Айтилганидек, танлаб олинганларнинг фақат 55 минг нафарига виза насиб қилади. Қолганлар турли сабаблар билан, хусусан ҳужжатларидаги камчиликлар ва суҳбатдан ўта олмагани учун грин-карта ололмайди.

DV ғолиби бўлган ҳолда АҚШ резиденти бўлганлар 10 йил давомида АҚШда доимий яшашлари, шундан сўнг муддатни узайтирган ҳолда 5 йилдан кейин фуқаролик олишлари ҳам мумкин. Дастлабки 15 йил давомида улар сайлаш ва сайланишдан ташқари Америка фуқароларига берилган деярли ҳамма ҳуқуқлардан фойдалана олади.

Грин-карта орқали АҚШга бориш бўйича ўзбекистонликлар юқори ўринларда туради. DV-2023 мавсумида Ўзбекистоннинг 5511 нафар фуқаросига ютуқ чиққан. Бу – дунё бўйича учинчи кўрсаткич.

Мавзуга оид