Тарих, тил, илдиз

Марказий Осиёнинг тўрт давлати — Туркманистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош туркий давлатлар ҳисобланади. Тожикистон эса форсий. Бу халқларнинг илдизи табиийки бир. Буюк Турк хоқонлигидан бошланган минтақа туркийлари тарихи деярли XV-XVI асргача бўлинмаган эди. XVI асрдан ўзбек ва қозоқ халқлари миллат сифатида шакллана бошлади. Туркманларда эса бу жараён бироз олдинроқ юз беришни бошлаганди.

Шундай бўлса-да, минтақа халқлари Россия босқинига қадар тўлиқ миллий бирликларга ажралмаганди. Ҳудуд аҳолиси уруғларига кўра фарқланган. Уч қозоқ жузи аҳолиси ўзларини қозоқлар, уч ўзбек хонлиги аҳолиси эса ўзларини ўзбеклар деб билган. Аммо хонликлар таркибидаги баъзи уруғлар бир пайтнинг ўзида ҳам ўзбек, ҳам қозоқ (жалойир, қипчоқ, найман) ёки ҳам ўзбек, ҳам туркман (баёт, қиниқ) уруғи бўлган. Уларни умумлаштирувчи жиҳат туркийлик ва мусулмонлик эди. Марказий Осиё жадидлари ҳам миллий республикалар эмас, умумий Туркистон давлати тузиш ҳақида ўйлаган.

1920 йилдан кейин бошланган минтақа аҳолисини миллатларга ажратиш сиёсати уруғлар ва одамларнинг ўтроқ ёки кўчманчилигига қараб олиб борилди. Ўтроқ, шаҳарда яшовчи уруғлар ўзбек ва тожик, кўчманчи, даштда яшовчи қабилалар эса қозоқ ва қирғиз деб қабул қилинди. Ўзбеклар кўчманчи, қирғизлар ўтроқ бўлиши мумкин эмас деб айтилди. Натижада янги миллий давлатлар чегаралари этник-миллий чегаралардан бошқачароқ бўлди.

Советлар ҳатто сарт номли миллат шакллантириш ҳақида ҳам таклиф беради, лекин фидойи жадидларнинг ҳаракатлари эвазига бу иш амалга ошмайди. Шунинг ўзиёқ Марказий Осиёда миллий чегаралаш қанчалик юзаки олиб борилганини кўрсатади.

Янги чегаралар сабаб минтақа етакчилари орасида кескинлик пайдо бўлди. Бир миллат ўзиники деб даъво қилувчи ҳудуд бошқасига берилди ва шу орқали улар бир-бирига душман қилиб қўйилди. Ушбу сиёсат ўз мевасини СССР тарқалгандан кейин беришни бошлади.

Сиёсий чегаралар халқлар узоқлашувига ҳам олиб келди. Исмоил Ғаспирали ташаббуси билан ташкил этилган бутунтуркий алифбо амалга киритилмади, бунинг ўрнига республикаларда кирилл алифбоси жорий қилинди.

Адабий тил шакллантиришда ҳам жадидлар таклиф этган умумий қоидалар қабул қилинмади ва рус тилидан тўғридан тўғри кўчириш орқали тил қоидалари шакллантирилди. Масалан, ўзбек тилидан cингармонизм (унлилар мослашуви) ҳодисаси олиб ташланди (бироқ шеваларда сақланиб қолган). СССР олий ҳокимияти минтақа давлатларини бир-биридан узоқлаштирувчи сиёсатни давом эттирди.