Хорижликларда “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги маҳсулотларга қизиқиш ошяпти
“Чарм-саноати соҳасида яратилган имкониятлар бу йўналишни мамлакатдаги драйвер соҳалардан бирига айлантириш учун асос бўла олади. Бу имкониятлар ўз ўрнида катта масъулият ва вазифаларниям юклайди. 2017-2021 йилларда чармдан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми деярли 6 баробарга ошди. Шу даврда 632 млн долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. 300 дан ортиқ янги корхоналар ишга туширилди. 2021 йил якунига кўра, 421 млн долларлик чарм маҳсулотлари экспорт қилинди. 2022 йил якунида бу кўрсаткични 500 млн долларга етказиш режалаштирилган.
Экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида соҳадаги имкониятлар, жозибали таклифлар билан хорижлик ҳамкорлар билан ишлар олиб борилади.

Жорий йил давомида ҳам 12 та халқаро нуфузли кўргазмаларда ўзбек чарм саноатидаги 100 дан ортиқ корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди. Бу билан 60 млн долларга яқин экспорт шартномалари имзоланган. Бу Ўзбекистонда тайёрланаётган чарм маҳсулотларининг дунё бозорида ўз ўрнини топаётганини билдиради.
Давлат раҳбарининг шу йўналишда имзоланган қарорлари билан Ўзбекистонда ҳам шундай кўргазмаларни ташкил этиш вазифаси юклатилган. Доимий равишда ўтказиб келинаётган Ўзчармэкспо кўргазмаси бу йил 12-марта ўтказилди. Унда 100 дан ортиқ корхоналар 4000 дан ортиқ турдаги ўз маҳсулотларини намойиш этишди. Кўргазмада МДҲ давлатларидан ва Европа мамлакатларидан йирик компаниялари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этиб, Made in Uzbekistan ёрлиғи остидаги маҳсулотларга қизиқиш билдиришди. Биргина шу кўргазманинг ўзида 50 млн доллар атрофида экспорт шартномалари, 25 млн доллар атрофида инвестицион ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
13-14 октябр кунлари Ўзчармэкспо 13-халқаро кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик ишларини бошлаганмиз. Бу кўргазма дунёнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик учун савдо майдончаси бўлиши кутиляпти”,- дейди раис ўринбосари.
Адҳамжон Мўйдинов таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг “Чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори “Ўзчармсаноат” уюшмасига республиканинг 16 та ҳудудида кичик саноат зоналарини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бунга 2022-2023 йилларда давлат бюджетидан 90 млрд сўм маблағ ажратилди. Тизимдаги бўшлиқларни тўлдириш, яъни аёллар ва болалар пойабзаллари каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун алоҳида имтиёзлар ажратилди.















