Самарқанд шаҳрида жамоат транспортининг абгор аҳволи, уни яхшилаш йўлида қилинажак ишлар ҳақида Kun.uz’да аввал ҳам хабар берилган. Хусусан, Россиянинг «SIMETRA» компанияси Самарқанд шаҳри ва шаҳарнинг 40 км радиусидаги ҳудудида транспорт ҳаракатини тартибга келтириш бўйича режа устида ишлаётгани маълум қилинган, шаҳар депутатлар эътиборига ҳавола этилганди.

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров журналистлар билан ўтказган ушбу матбуот анжуманида ҳам қилинган ишлар эмас, кўпроқ мўлжалланган режалар ва бўлажак лойиҳалар ҳақида гап борди.

Касод бўлаётган автокорхоналар

Акобир Ашуровнинг ҳисобот беришича, Самарқанд шаҳрида транспорт қатнови 100 фоиз хусусий қўлларда. Пандемия даврида, шунингдек, ҳокимлик томонидан субсидия маблағлари тўлаб берилмаётгани сабабли бир неча рентабелсиз йўналишларда автобус қатновлари тўхтаган, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналар қарзга ботган, банкдан олган кредитлари эвазига уларнинг автотранспорт воситалари мусодара қилинган.

Шаҳарда 60 та йўловчи ташиш йўналишларидан 21 таси ўз сарф-харажатларини қопламаганлиги учун ёпилган. Вилоят миқёсида эса жами 201 та йўналишдан 67 таси фаолиятини якунлаган.

«Аҳволнинг мана шундайлиги ҳам соҳага инвестиция кириб келиши учун катта тўсиқ бўлмоқда», — деди А.Ашуров.

Маълумки, жамоат транспорти соҳаси бутун дунёда зиёнга ишлайдиган соҳадир. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Шу сабабли ҳукумат қарорлари билан шаҳар ичида ва шаҳарлараро йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхоналарга субсидия ажратиш назарда тутилган. Бунинг эвазига йўлкира ҳақи 1400 сўм қилиб белгиланган. Зарар қисми давлат бюджетидан йўловчи ташувчи корхоналарга қоплаб берилади.

Акобир Ашуров, Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи

«Йўловчи ташувчи корхоналар томонидан 1 млрд сўм учун субсидияга сўров тайёрлангани билан унинг атиги 140 миллион сўми тўлаб берилди. Чунки корхоналар ҳужжатларни тегишли равишда расмийлаштиришмаган. Шу сабабли уларга молия бошқармаси томонидан рад жавоби берилди»,